Жаҳон | 10:36 / 26.07.2024
6176
2 дақиқада ўқилади

Россиялик депутатлар Путинни Олимпия сулҳига чақирди

Мурожаатни 40 га яқин депутат имзолаган, уларнинг аксарияти - ҳозирги кунда амалдаги халқ вакили эмас.

Фото: Tasos Katopodis/Getty Images

25 июл, пайшанба куни турли чақириқлардаги россиялик депутатлар Россия президенти Владимир Путин ва Россия Федерацияси сиёсий раҳбариятига очиқ хат йўллаб, Париждаги Олимпия ўйинлари вақтида Украинадаги жанговар ҳаракатларда сулҳга чақиришди. Мурожаатни 40 га яқин киши имзолаган.

Хатда амалдорлар расмийлар ва шахсан Путинга «тинчлик ва умуминсоний қадриятларга содиқлик»ни намойиш этишга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2000 йил 8 сентябрдаги Мингйиллик декларациясида БМТга аъзо давлатлар Олимпия сулҳига риоя қилиши тўғрисида белгиланган спорт анъаналарини давом эттиришга рухсат беришни таклиф қилади. «Инсониятнинг энг яхши намуналарига эргашинг!» - дея депутатлар мурожаати умумлаштирилган.

Хатга имзо чеккан шаҳар депутатларининг аксарияти амалдаги халқ вакили эмас. Масалан, имзолаганлар орасида - ҳуқуқ ҳимоячиси ва Москва шаҳар думаси собиқ депутати, Россияда «чет эл агенти» сифатида тан олинган Евгений Ступин ҳам бор. Россия Федерацияси Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, амалдор Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумига қарши чиққан ва Россия расмийларининг сиёсий қарорлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатган. 

Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Уларда россиялик ва беларуслик спортчилар нейтрал мақомда баҳслашади. 

Мавзуга оид