Ўзбекистон | 17:45 / 29.07.2024
4271
3 дақиқада ўқилади

Россия бензин экспортига қўйилган тақиқни узайтирмоқчи

Россия ҳукумати бензин экспортига 1 мартдан 1 сентябргача қўйилган тақиқни узайтиришни режалаштирмоқда. РФ бош вазири ўринбосарининг айтишича, тақиқ сентябр ва октябр ойларида ҳам ўз кучида қолиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Россия мавсумий талабнинг ошиши фонида бензин экспортига 1 мартдан вақтинчалик тақиқ киритганди. Экспорт тақиқи 1 сентябргача амал қилиши ва у ЕОИИ мамлакатлари, Мўғулистон, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга келишилган етказиб бериш ҳажмларига тааллуқли эмаслиги маълум қилинганди.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новакнинг журналистларга маълум қилишича, ҳозирда тақиқни сентябр ва октябр ойларида ҳам ўз кучида қолдириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мулозимнинг аниқлик киритишича, қарор талаб ва таклиф мувозанати, шунингдек, ички бозорни таъминлаш эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Маълумот учун, май ойининг охирида РФ Вазирлар Маҳкамаси бензин экспортига тақиқни истисно тариқасида июн охиригача бекор қилган, кейин рухсат 1 августгача узайтирилган.

“Биз 1 сентябргача эмбаргони қабул қилдик, фақат июл учун истисно қилинди ва 1 августдан бошлаб истисно тугайди. 1 августдан бошлаб тақиқ тикланади”, – деди Новак энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича Россия–Хитой ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида журналистларга.

Унинг қўшимча қилишича, тегишли қарор август ойида қабул қилиниши мумкин.

Маҳаллий нашрларга кўра, бензин экспортига тақиқдан мақсад – талаб юқори бўлган даврда ёқилғи бозорида барқарор вазиятни сақлаб қолиш. Чекловлар халқаро гуманитар ёрдам ва шахсий фойдаланиш учун экспорт қилинадиган маҳсулотларга таъсир қилмайди. Тақиқ, шунингдек, ҳукуматлараро келишувлар, жумладан, ЕОИИ мамлакатлари бўйича етказиб беришларга ҳам тааллуқли эмас.

Россия ҳукумати 2023 йил сентябр ойида ҳам ёнилғи (бензин ва дизел) экспортига тақиқ қўйганди. Бу чора ноябр ойида бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январ ойидан бошлаб Ўзбекистондаги АЁҚШларда Россиянинг AИ-80 бензини пайдо бўлганди.

Шундан кейин, Ўзбекистонга бензин импорти кескин ошди. 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида хориждан 335,2 млн литр келтирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп.

2024 йилнинг 6 ойида эса Ўзбекистонга нефт ва нефт маҳсулотлари импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошган. Статагентлик товарлар кесимида қайси давлатдан қанча бензин импорт қилинганига оид батафсил маълумот бермайди. Kun.uz агентликка 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида қанча бензин импорт қилингани борасида сўров юборди.

Мавзуга оид