Жаҳон | 08:33 / 31.07.2024
4039
2 дақиқада ўқилади

19 ёшли Германия фуқароси Россиядаги колониядан ғойиб бўлди

Германия ва Россия фуқароси Кевин Лик Россия Федерациясида давлатга хиёнатда айбланиб, судланган. Охирги кунларда беш нафар сиёсий маҳбус Россия колониялари ва тергов изоляторларидан номаълум томонга олиб кетилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Германия ва Россия фуқароси 19 ёшли Кевин Лик Архангелск вилоятидаги 14-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан ғойиб бўлди. Бу ҳақда унинг қўллаб-қувватлаш гуруҳи Telegram-каналида 30 июл, сешанба куни хабар берилди.

«Кевиннинг онаси Архангелск вилояти федерал жазони ижро этиш хизмати муассасаларига озиқ-овқат етказиб бериш хизматидан йигитнинг кўрсатилган колонияда йўқлиги ҳақида жавоб олди», дея маълумот берди гуруҳ. Ликнинг онаси бошқа ҳеч қандай билдиришнома олмади. 

2023 йил декабр ойида Лик Адигея Олий суди томонидан давлатга хиёнат моддаси бўйича тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Тергов маълумотларига кўра, йигит гўёки «визуал кузатув ўтказган» ва рус қўшинларининг Майкопдаги жойлашувини суратга олган, сўнгра фотосуратларни «хорижий давлат вакиллари»га юборган. 

Рус сиёсий маҳбусларининг колониялардан ғойиб бўлиши 

Охирги бир неча кун ичида ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан виждон маҳкуми ёки сиёсий маҳбус деб тан олинган камида беш киши Россия колониялари ва тергов ҳибсхоналаридан номаълум манзилга олиб кетилгани маълум бўлди. Навалнийнинг Уфа ва Томскдаги штаблари собиқ раҳбарлари Лилия Чанишева ва Ксения Фадеева, сиёсатчи Иля Яшин ва ҳуқуқ ҳимоячиси Олег Орлов «номаълум томонга» олиб чиқиб кетилган. Рассом Саша Скочиленконинг яқинларига қизни Москвага олиб кетишганини айтишган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид