Жаҳон | 08:25 / 01.08.2024
3873
2 дақиқада ўқилади

Америкалик 34 йиллик қамоқдан кейин оқланди

Кристофер Данн 18 ёшида қамоққа тушган. Унга қўйилган барча айбловлар олиб ташлангандан кейин 52 ёшида озодликка чиқди.

Фото: AP/TASS

52 ёшли америкалик Кристофер Данн 34 йил ўтирган қамоқдан озод этилди. Американинг CBS телеканали 31 июл, чоршанба куни хабар беришича, у айбсиз деб топилди ва барча айбловлар олиб ташланди.

1990 йил 18 майга ўтар кечаси 15 ёшли Рикко Рожерс Миссури штатининг Сент-Луис шаҳрида дўстлари билан кўчада юрганида отиб ўлдирилган. Улардан икки нафари, 12 ва 14 ёшдаги болалар Даннга қарши гувоҳлик берган. Кейинроқ гувоҳлардан бири Кристоферга рақиб кўча тўдасида бўлгани учун туҳмат қилганини тан олди. Иккинчиси ўз кўрсатмаларини бир неча бор ўзгартирди ва охир-оқибат ўқ отган Данн эканлигини аниқ кўрмаганлигини айтди.

Айбланувчининг ўзи жиноят вақтида у онаси уйида бўлганини айтди. Унинг танишларидан бири у билан ўша пайтда онасининг стационар рақамини терган ҳолда телефонда гаплашганини тасдиқлади. Аммо суд Данни айбдор деб топди.

Бош прокурор унинг озод этилишига қарши эди

2024 йил 22 июлда округ суди Данни зудлик билан қамоқдан озод қилишни буюрди. Аммо Миссури бош прокурори эътироз билдирди ва эркак панжара ортида қолди. Иш штат Олий судига етиб борди ва у эркакни озод қилиш кераклигини тасдиқлади. Даннинг ўзи озодликнинг бир ҳафталик кечикишини «қийноққа солиш» деб атади.

Икки ҳафта олдин Миссури штатида 64 ёшли Сандра Хемм айбсиз деб топилган эди. У 43 йил умрини панжара ортида ўтказди. Штат бош прокурори бу вазиятда ҳам унинг озодликка чиқишига тўсқинлик қилишга уринди, аммо натижа бўлмади.

Мавзуга оид