Жаҳон | 08:30 / 26.03.2025
15432
3 дақиқада ўқилади

Хато туфайли ўлимга ҳукм қилинган япониялик чол рекорд миқдорда товон пули олди

Японияда суд 89 ёшли Ивао Ҳакaматага деярли ярим аср давом этган ноҳақ қамоқ учун 217 млн иена (тахминан 1,4 млн доллар) товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

Фото: Kyodonews

Kyodonewsʼнинг Ҳакaмата адвокатларига таяниб ёзишича, мазкур сумма шу пайтгача Японияда жиноят иши учун товон пули сифатида берилган энг йирик миқдор ҳисобланади.

Товон пули у жиноятни содир этганликдаги айбловдан оқланганидан сўнг, жорий йил январойида талаб қилинган эди. Ўтган йилнинг октябр ойида унинг оқланиши расман тасдиқланди ва бу унинг оиласи учун ўнлаб йиллар давом этган курашда қозонилган ғалаба бўлди. Ҳакамата Шизуока префектурасида 1966 йил содир бўлган тўрт нафар инсон ўлими билан боғлиқ иш бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.

Қарийб 48 йил қамоқда ўлимга ҳукм қилинганлар камерасида сақланганлиги туфайли Ҳакaматанинг руҳий ҳолати оғирлашган ва у билан мулоқот қилиш қийинлашган. Шу сабабли унинг ҳимоячиси сифатида фаолият юритувчи адвокат товон пули сўраб мурожаат қилган.

Япониянинг Жиноий товонлар тўғрисидаги қонунига кўра, оқланган шахс қамоқда бўлган ҳар куни учун 12 500 иенгача товон олиш ҳуқуқига эга. Суд товон миқдорини қамоқда ўтказилган вақт ва бу фурсат ичида озодликда қўлга киритилиши мумкин бўлган эҳтимолли даромадлар каби омиллар асосида белгилайди.

Адвокатлар максимал миқдорда товон тўлашни талаб қилдилар. Улар таъкидлашича, «унинг руҳий ва жисмоний азоблари, шунингдек ўлим жазоси хавфи остида яшаши унга беқиёс оғриқ ва зиён келтирган».

«У 30 ёшида қамалган ва бу инсон ҳаётидаги энг самарали давр ҳисобланади. Шундай экан, унинг йўқотган даромалари ҳам катта», — дейилади адвокатлар баёнотида.

Ҳакaмата 1966 йилда мис ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқарув директори, унинг рафиқаси ва икки фарзандини ўлдирганлик айблови билан ҳибсга олинган. 1968 йил сентябрь ойида Шизуока округ суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган. 1980 йил декабрда Япония Олий суди бу ҳукмни тасдиқлаган.

Собиқ профессионал боксчи бўлган Ҳакaмата 47 йил ва етти ой қамоқда ўтирган. У 2014 йил март ойида озод этилган. Бу вақтга келиб, иш бўйича янги далиллар пайдо бўлиб, унинг айбдорлигига шубҳа туғилган ва қайта суд жараёни бошланган.

2023 йил сентябрь ойида Шизуока суди Ҳакaмата оқлаган. Суд терговчилар далилларни сохталаштирганини тан олган. Прокурорлар бу қарор устидан шикоят қилишдан бош тортишган.

Ивао Ҳакaмата Гиннес рекордлар китобида дунёдаги энг узоқ муддат ўлим жазосига ҳукм қилиниб, қамоқда сақланган инсон сифатида қайд этилган.

Мавзуга оид