Ҳаниянинг ўлдирилиши. Араб давлатлари, Эрон ва Россия норозилик билдирмоқда
Минтақа учун оқибатлар қандай бўлади? Ҳания нима учун айнан ҳозир ўлдирилди ва бу музокараларда қандай акс этади?
Чоршанба куни Ҳамас ўз сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания Теҳрондаги қароргоҳида исроилликлар зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди.
62 ёшли Ҳания фаластинликлар гуруҳининг асосий етакчиси ва мафкурачиси ҳисобланарди.
«Биродаримиз, етакчи, ҳаракат раҳбари ва мужоҳид бўлган Исмоил Ҳания Эроннинг янги президентининг инаугурация маросимида иштирок этганидан кейин сионистларнинг унинг Теҳрондаги штаб-квартирасига уюштирган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди», — дейилади Ҳамас баёнотида.
Ҳаниянинг ўлими ҳақида Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам хабар қилган. Корпус сайтидаги хабарда Ҳамас етакчиси билан биргаликда унинг тансоқчиси ҳам ҳалок бўлгани айтилади.
Ҳаниянинг ўлими Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг асосий ҳарбий қўмондонларидан бири ўлдирилгани ҳақида эълон қилганидан бир кун ўтмасдан рўй берди ва кузатувчилар бу Яқин Шарқда уруш авж олишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Ҳозирча Ҳамас етакчиси ўлимига олиб келган зарба айнан қандай йўллангани борасида тафсилотлар очиқланмаяпти.
Эрон нашрлари маълумотига кўра, ҳужум маҳаллий вақт билан тунги соат икки атрофида, Ҳания Теҳрондаги уруш фахрийлари учун уйда бўлиб турганида йўлланган. Айрим маълумотларга кўра, у авиазарба қурбони бўлган.
Исроил ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермаяпти, аммо 2023 йил 7 октябр воқеаларидан кейин мамлакат ҳукумати фаластинликларнинг ушбу гуруҳини тугатишга бел боғлаганди.
Араб нашрларида эса Ҳания ракета келиб тушиши оқибатида ҳалок бўлгани айтилмоқда, аммо бу маълумот расмий тасдиққа муҳтож.
Ҳаниянинг ўлимига қандай реакция қилинмоқда?
Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Мусо Абу Марзуқ буни «жавобсиз қолмайдиган» «жирканч ҳаракат» деб атади, гуруҳнинг бошқа бир юқори мартабали вакили Сами Абу Зуҳри ташкилот «ўз йўлида давом этиши»ни айтди.
Ҳамаснинг Ғазодаги бошқа бир юқори мартабали вакили BBC мухбири Рушдий Абуалуф билан суҳбатда шундай деган: «Ҳамас бу— ғоя, Ҳамас бу— мафкура. Ва етакчининг ўлдирилиши Ҳамасни ўзгартира олмайди, Ҳамасни таслим бўлиш ёки янги ён беришларга боришга мажбур қила олмайди».
Фаластинликларнинг WAFA агентлиги хабар қилишича, Иорданнинг Ғарбий соҳилидаги Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам Ҳаниянинг ўлдирилишини кескин қоралаган.
Эрон ички ишлар вазирлиги Ҳаниянинг «шаҳид бўлиши» «Теҳрон, Фаластин ва қаршилик ҳаракати ўртасидаги чуқур ва узилмас ришталарни янада мустаҳкамлаши»ни билдирган.
Фаластинликларнинг турли ташкилотлари ўз тарафдорларини Ҳамас сиёсий етакчиси йўқ қилинишига жавобан норозилик намойишларига чиқишга чақирган.
Россия ТИВ рўй берган ҳодисани «мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик» деб атаган. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Ҳамас етакчисининг ўлими «кескинлик янада кучайишига олиб келиши»дан огоҳлантирган.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги ҳам «Теҳрондаги шармандали қотиллик»ни қоралаган. Reuters агентлиги келтирган иқтибосда «бу ҳужум Ғазодаги урушни минтақа бўйлаб кенгайтиришга қаратилгани» айтилади.
Минтақанинг бошқа мамлакатлари, шунингдек Хитой ҳам рўй берган ҳодисани қоралаб чиққан.
Иордания Ҳамас етакчиси «Исроил томонидан ўлдирилишини энг қатъий тарзда қоралаши»ни билдирган ва бу «минтақада кескинлик ва хаос кучайиши»дан огоҳлантирган. Ливан бош вазири Нажиб Микати ҳам ўз кабинетининг фавқулодда йиғилишида минтақадаги жиддий эскалациядан огоҳлантирган.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги «бундай қотилликка қатъиян қаршилиги ва уни қоралаши», шунингдек минтақадаги навбатдаги нотинчликдан «чуқур хавотирда» эканини маълум қилган. Идора матбуот котиби Лин Цзян Ғазода «тўлиқ ва доимий ўт очишни тўхтатиш»га эришиш зарурлигини қўшимча қилган.
Минтақа учун оқибатлар қандай бўлади?
BBC’нинг Яқин Шарқдаги мухбири Йоланда Кнелл Ҳамас вакиллари Ҳанияга зарба минтақадаги можарода жиддий кескинликни англатиши ва бу «жавобсиз қолмаслиги»ни билдирганига эътибор қаратган.
Ҳозирча бу Ғазодаги урушнинг боришига қандай таъсир кўрсатиши номаълум, аммо Исмоил Ҳания ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этиш бўйича янги келишувга эришиш учун музокараларга масъул эди. Унинг қатъий риторикасига қарамай, таҳлилчилар гуруҳнинг Ғазодаги анча қаттиққўл етакчилари Муҳаммад Дейф ва Яҳё Синвар билан солиштирганда унга прагматик сиёсатчи сифатида қарашарди. Улар ўтган йил октябрида Исроил жанубига уюштирилган қонли ҳужум ташкилотчилари сифатида кўрилади.
Ҳозирча гуруҳ раҳбарлигида Ҳаниянинг ўрнини ким эгаллаши, у қанчалик мўътадил ёки муросасиз бўлиши аниқ эмас.
Жоржтаун университетида Яқин Шарқ тадиқотлари профессори Нодир Ҳошимий BBC билан суҳбатда Ҳаниянинг ўлдирилиши минтақани кенг кўламли урушга яқинлаштириши мумкинлигини истисно этмаган. Эксперт бундан бир кун олдин Исроил Байрутда «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳам юқори мартабали қўмондонини ўлдирганини эслатган.
Ва агар бунгача Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» эскалациядан манфаатдор эмас деб ҳисобланган бўлса, энди Ҳаниянинг ўлдирилиши бу вазиятни ўзгартириши мумкин, дея қўшимча қилади Ҳошимий. «Энди Эронда бу можарони кескинлаштириш учун туртки бор», — дейди у.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин эса, аксинча, уруш бўлиши муқаррар деб ҳисобламайди. У локал можаро бутун минтақа бўйлаб ёйилишига йўл қўймаслик учун имкон доирасидаги барча ишни қилишга ваъда берган.
Ҳания нима учун айнан ҳозир ўлдирилди ва бу музокараларда қандай акс этади?
BBC’нинг халқаро масалалар бўйича муҳаррири Жереми Боуэн 7 октябр воқеаларидан кейин Ҳаниянинг оила аъзолари зарбаларга нишон бўлганини эслатиб ўтган — ўғиллари ва набиралари исроилликлар томонидан ўлдирилган, аммо унинг ўзи шу вақтга қадар омон қолаётганди.
Эътиборли жиҳати, Ҳания ташкилотнинг ҳарбий қаноти етакчилари каби яширинча ҳаёт тарзи кечирадиган фигура эмасди. «Уни ўлдирганлар исроилликлар деб фараз қиладиган бўлсак — мен эса улардан бошқа ким бўлишини тасаввур қила олмайман — буни нима учун олдинроқ ҳам имкониятлар бўлганида эмас, нега айнан қилишди?» — дея савол қўяди Жереми Боуэн.
Гап шундаки, давом этади у, Исроил учун уни Қатарда ўлдириш сиёсий жиҳатдан йўл қўйиб бўлмайдиган қарор эди. Эронда ўлдириш эса Исроил қанчалик узоққа бориши мумкинлиги ва унинг душманларидан ҳеч бири хавфсизликда эмаслигини кўрсатмоқда.
Ҳания Исроил ва Ғазо ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳамда гаровдагиларни озод этиш бўйича музокараларга чуқур шўнғиган эди, шундай экан, унинг ўлдирилиши музокараларни осонлаштирмаслиги аниқ.
Бу музокараларда воситачилик қилаётган Қатар Ҳаниянинг ўлдирилиши музокараларни барбод бўлиш хавфи остида қолдириши мумкинлигини билдирмоқда.
«Музокаралар чоғида сиёсий қотиллик ва Ғазода тинч аҳолига ҳужумлар давом этаётгани бизни шу саволни беришга ундайди: томонлардан бири музокараларнинг бошқа томондаги иштирокчисини ўлдирадиган бўлса, қандай қилиб муваффақиятли воситачилик бўлиши мумкин?» — дейди Қатар бош вазири.
Декабр ойида Ҳамас Ливан пойтахти Байрутда Ҳаниянинг ўринбосари ўлдирилганидан кейин Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бир муддатга тўхтатиб қўйганди.
BBC’нинг Ғазо бўйича мухбири Рушдий Абалуфнинг сўзларига кўра, Теҳрондаги бу ҳужум тинчлик сулҳига эришишни қийинлаштириши эҳтимоли юқори, чунки энди Ҳамас асосий эътиборини Ҳанияга ворис топишга қаратади, бу жса мураккаб ва узоқ давом этадиган жараёнга айланиши мумкин.
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняху ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
14:54 / 22.11.2024