Ўзбекистон | 18:33 / 02.08.2024
25647
2 дақиқада ўқилади

Бу йил мактабларда ўқувчилар учун мажбурий форма жорий этилмайди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар ва таҳлилда ягона мактаб формаси мактаб ўқувчилари (уларнинг ота-оналари) ўртасида кийиниш бўйича рақобатни чеклаши аниқланган.

Фото: ЎзА

2024/2025 ўқув йилида мактабларда ўқувчилар учун мажбурий форма жорий этилмайди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов маълумот берди.

«Ҳар йили ҳар бир мактаб томонидан ўз низоми бўйича белгиланган форма танлаб олинади. Ҳозирга қадар ўқувчилар бир хил форма кийсин, деган қаттиқ талаб қўйилмади. Демак, бу йили ҳам мактабларда мажбурий форма жорий этилмайди», деди у.

Қайд қилинишича, «Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари»га мувофиқ, ўқувчиларнинг таълим муассасаси уставида ман этилган либос ва қиёфада, жумладан ўғил болалар калта шим, футболка, шиппакда ва қизлар тор ва танани очиқ кўрсатувчи юпқа, ҳарир кийимларда келиши ҳамда бўйни ва бармоқларига турли тақинчоқлар тақиши ман этилади.

Таъкидланишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар ва таҳлил натижаларига кўра, ягона мактаб формаси мактаб ўқувчилари (уларнинг ота-оналари) ўртасида кийиниш бўйича рақобатни чеклайди, турли хил ижтимоий-иқтисодий тоифадаги оилалар фарзандлари орасида табақаланишнинг визуал фарқини кескин камайтиради.

2018 йилда ҳукумат томонидан ягона мактаб формалари намуналари тасдиқланди. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар уни ихтиёрий тартибда кийишга ҳақли экани белгиланди. Мактаб формалари мажбурий бўладиган сана 2019/2020 ўқув йилидан 2024/2025 ўқув йилига – 5 йилга кечиктирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига тегишли тузатишлар киритилди. Унда ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этилиши белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид