Жаҳон | 08:55 / 02.08.2024
2199
2 дақиқада ўқилади

Молдова россиялик дипломатни чиқариб юборяпти

Ҳарбий атташе ёрдамчиси персона нон грата деб эълон қилинди. Россия Федерациясидан келган дипломат Молдовада ўзининг дипломатик мақомига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширди, дея изоҳ берди Молдова Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Васнецовни чақиртириб.

Фото: РИА Новости

Россиянинг Молдовадаги элчихонаси ходими персона нон грана деб эълон қилинди. Бу ҳақда 1 август, пайшанба куни Молдова Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди. Мамлакат расмийлари россиялик дипломат ўз ҳудудида дипломатик мақомга тўғри келмайдиган ҳаракатларни амалга оширгани ҳақида маълумот ва далиллар олди, дея тушунтирди Кишинёв.

Россиянинг Молдовадаги элчиси Олег Васнецов Кишинёвдаги Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Унинг сўзларига кўра, гап «маълум вақт ичида» мамлакатни тарк этиши керак бўлган ҳарбий атташе ёрдамчиси ҳақида бормоқда.

Молдова парламентида тинтув

Молдовада парламент котибияти ходими ва чегара полицияси ходими қўлга олинди, деб хабар қилди 31 июл куни Коррупцияга қарши кураш ва махсус ишлар прокуратураси (PCCOCS). Ушлашлар жиноий тергов доирасида 30 июл куни кечқурун амалга оширилган. 31 июл куни эрталаб PCCOCS ҳамда Ахборот ва хавфсизлик хизмати ходимлари парламентнинг юридик бўлимида тинтув ўтказди.

Департамент маълумотларига кўра, парламент ходими «2023 йилдан бошлаб» «Молдова Республикаси манфаатларига қарши ишлатилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаган ва элчихона ходимига бергани» учун давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда. Кишинёв аэропортида ишлаган чегарачи Молдовага қарши фитна уюштирганликда гумон қилинмоқда. Прокуратура маълумотларига кўра, у «маълумот тўплаш ва унга етказиш мақсадида элчихона ходими билан алоқада бўлган». Хабарда гап қайси элчихона ҳақида кетаётгани айтилмаган.

«Интерфакс» агентлиги Молдова ОАВга таяниб, ҳар икки амалдор Россиянинг Молдовадаги ҳарбий атташеси ўринбосари билан учрашганини даъво қилмоқда. Парламент ходими масаласида гап давлатга хиёнат иши бўйича тергов қилинаётган Ионе Крянгэ ҳақида кетмоқда.

Мавзуга оид