Берлинда чеченистонликни ўлдирган Красиков президент тансоқчилари хизматдоши бўлган
Россия ва Ғарб ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилган Вадим Красиков «ФСБ»нинг «Алфа» махсус бўлинмасида хизмат қилган, деди Россия президенти матбуот котиби.
Германияда чеченистонликни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳамда Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилган Вадим Красиков Россия президенти Владимир Путин қўриқчиларининг ҳамкасби эди. Бу ҳақда 2 август, жума куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«Красиков - Федерал хавфсизлик хизмати ходими ‹…› У «Алфа»да («ФСБ» махсус мақсадли маркази махсус бўлинмаси) хизмат қилганида, президент қўриқчиларининг бир неча аъзолари билан бирга хизмат қилган. Табиийки, улар кеча бир-бирини яхши кутиб олишди», - дея тушунтирди Песков.
NYT: Путин учун Красиков - «содиқ аскар рамзи»
Путиннинг ўзи Красиковни дўсти деб билади, деб ёзади The New York Times (NYT) АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамкорлик маркази махсус вакили ва координатори Жеймс Рубинга таяниб. Россия Федерацияси президенти россияликда «Россия давлати олдидаги бурчини бажараётган содиқ аскар рамзи» ва «давлат аҳамиятига молик миссияни бажарувчи» шахсни кўрди, деди Кремлга яқин бўлган ва маҳбусларни алмашиш бўйича баъзи музокараларда иштирок этган NYT суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, Вадим Красиковнинг озод этилиши «барча йигитлар учун Россия ҳеч кимни ташлаб кетмаслиги» ҳақида сигнал бўлди.
Шу билан бирга, The Washington Post’нинг Россия Федерациясидан бўлган суҳбатдоши «Путин фақат Красиковга алоҳида аҳамият қаратганини» таъкидлади. «Кремл Красиков учун кўп нарса беришга тайёр эди, лекин у бундай таассурот қолдиришни истамади», деб ёзади WP.
Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинуви
1 август куни Туркия пойтахтида Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Россия Федерацияси 16 кишини топширди. 10 киши Анқарадан Москвага қайтиб келди - булар Красиковдан ташқари Россия махсус хизматларининг бошқа ходимлари, уларнинг икки фарзанди, шунингдек, киберфирибгарлар.
Германия канцлери ва ташқи ишлар вазири Красиков топширилиши ҳақида
Германия канцлери Олаф Шолц Россия билан алмашишни «тўғри қарор» деб атади. Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германиянинг «ҳукумат ҳеч бир аъзоси учун» топшириш қарори осон бўлмаганини тан олди. Шу билан бирга, Красиков томонидан ўлдирилган чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхан Ханқошвилининг беваси Манана Цатиева «ФСБ» ходимининг Россия томонига топширилишини қоралади.
Frankfurter Allgemeine Zeitung газетасининг ёзишича, Германия адлия вазири Марко Бушман буни талаб қилган ва бош прокурор Йенс Роммелга буйруқ берган. Федерал прокуратура бунга қарши чиқди ва афвни Германия президенти тасдиқлаши кераклигини таъкидлади. Натижада, прокурорлар буйруққа бўйсунишди.
Германия пойтахтида чеченистонликнинг ўлдирилиши
Россия томонидан терроризмда айбланиб қидирувга берилган Зелимхон Ханқошвили 2019 йилнинг 23 август куни Берлиндаги Кичик Тиргартен боғида отиб ўлдирилган. Вадим Красиков Вадим Соколов номига ёзилган ҳужжатлар билан шу куни Германия пойтахтида қўлга олинган.
Суд жараёни 2020 йил октябр ойида бошланган ва бир йилдан ортиқ давом этган. 2021 йил декабр ойида Красиков умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Берлин Олий ер суди прокурорнинг Красиков ушбу қотилликни Россия расмийлари кўрсатмаси билан содир этганлиги ҳақидаги даъвосини исботланган деб ҳисоблади.
Мавзуга оид
12:30 / 02.08.2024
Путин Красиковни қайтариб олди. Германияда умрбодга қамалган ФХХ ходими қандай жиноят содир этганди?
11:51 / 02.08.2024
Ўлдирилган чеченистонликнинг қариндошлари Красиков Россияга топширилганидан норози
08:05 / 02.08.2024
Берлин: Красиковни Россияга топшириш қийин қарор бўлди
07:40 / 02.08.2024