Жаҳон | 21:57 / 03.08.2024
9627
2 дақиқада ўқилади

Эронда Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишидан кейин кенг кўламли ҳибсга олишлар юз берди

Юқори мартабали ҳарбийлар ва разведка ходимлари сўроққа чақирилиб, уларнинг бир қисми ҳибсга олингани таъкидланмоқда.

Фото: Arash Khamooshi / The New York Times

Эронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилганидан сўнг 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, улар орасида разведка ходимлари, ҳарбий амалдорлар ва у турган меҳмон уйи ходимлари ҳам бор. Бу ҳақда The New York Times (NYT) ёзди.

Жиноят ишини Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) разведка бўлими тергов қилмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, янги президент Масъуд Пезешкиён инаугурация маросимидан бир неча соат ўтиб юз берган қотиллик Эрон раҳбариятини ҳайратга солган — бу «хавфсизлик соҳасидаги ажабланарли муваффақиятсизлик».

Нашр суҳбатдошларининг айтишича, ҳужумдан кейин Теҳрондаги ИИҚК меҳмон уйида тинтув ўтказилган, ходимлар изоляция этилган, уларнинг бир қисми ҳибсга олинган, барча электрон қурилмалар, жумладан шахсий телефонлар мусодара қилинган. Юқори мартабали ҳарбийлар ва разведка ходимлари сўроққа чақирилиб, уларнинг бир қисми ҳибсга олинган. Шунингдек, барча халқаро ва маҳаллий рейсларнинг йўловчилар рўйхати кўриб чиқилган. NYT манбалари таъкидлаганидек, Эрон расмийлари Исроил разведка ходимлари ҳамон мамлакатда эканига ишонади.

ИИҚК баёнотига кўра, Ҳания «оғирлиги тахминан 7 кг бўлган жанговар каллакка эга қисқа масофага учувчи снаряд» портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Эрон содир бўлган воқеада Исроилни айблаб, яҳудий давлати АҚШ кўмагида ҳаракат қилганини таъкидламоқда.

Теҳрон, шунингдек, бу воқеа учун «керакли вақтда, тегишли жойда ва мос тарзда» қасос олишга ваъда берди. NYT суҳбатдошларининг қўшимча қилишича, Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий аллақачон Исроилга жавоб қайтариш ҳақида буйруқ берган.

Мавзуга оид