Жаҳон | 08:23 / 05.08.2024
7842
3 дақиқада ўқилади

CNN: Россия Яман ҳусийчиларига қурол бериш ниятида бўлган

Россия ҳусийчиларга ракета ва бошқа қуролларни бермоқчи бўлди, бироқ «сўнгги дақиқада» Саудия Арабистони босими остида ўз режаларидан воз кечди, деб ёзади CNN.

Фото: Hani Mohammed / AP

Жорий йилнинг июл ойи охирида Россия Яман ҳусийчиларига ракета ва бошқа ҳарбий техника жўнатиш ниятида эди, бироқ Саудия Арабистони ва АҚШ саъй-ҳаракатларидан кейин «сўнгги дақиқада» ўз режаларидан воз кечди. Бу ҳақда 2 август куни Американинг CNN телеканали манбаларга таяниб хабар берди. Уларга кўра, «саудияликлар Россияни ўзининг энг йирик рақибларидан бирини қуроллантирмаслик ҳақида огоҳлантирган». Таъкидланишича, Қўшма Штатлар ҳам саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, Ар-Риёддан Оқ уй томонидан глобал террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҳусийчиларни қуроллантирмасликка «Москвани ишонтириш»ни алоҳида сўраган.

Бироқ, АҚШ разведкаси Саудия Арабистонининг огоҳлантиришлари ҳал қилувчи бўлганми ёки Кремлни ҳусийчиларга қурол етказиб беришдан бош тортишга ундаган кўплаб омиллардан бирига айланганми, буни аниқ билмайди, дея таъкидлайди CNN.

Россия Яманга ҳарбийларни юборди

Москва ҳусийчиларни қуроллантириш ва уларга маслаҳат тақдим этишга Жо Байден маъмурияти Киевга Россия ҳудудига зарбалар йўллашга рухсат бергани учун «қасос» усули сифатида қарайди, дейди АҚШ расмийлари.

Ҳусийчиларга қурол етказиб бериш ҳозирча қолдирилса-да, Россия Федерацияси исёнчиларга «ёрдам кўрсатиш» учун Яманга ҳарбий хизматчиларни жўнатмоқда. CNN суҳбатдошларига кўра, улар Қизил денгиз жанубий қисмида Россия кемаларининг «ноодатий тўхташини» ва ҳарбий хизматчилар туширилганини кузатган, кейин уларни ҳусийчилар олиб кетишган. Шу билан бирга, рус ҳарбийларида катта қуроллар ёки улар учун компонентлар йўқ.

Ҳусийчилар фуқаролик кемаларига ҳужум қилмоқда

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш фонида Эрон томонидан қўллаб-қувватланган яманлик ҳусийчилар 2023 йил октябр ойи бошидан буён Қизил денгиздаги тижорат ва ҳарбий кемаларга, жумладан денгиз ва қуруқликдаги учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳужум қилмоқда. 

Март ойида ҳусийчиларнинг Аден кўрфазида True Confidence кемасига ракета ҳужуми натижасида уч денгизчи ҳалок бўлди, феврал ойида ҳужумга учраган Rubymar юк кемаси чўкиб кетди. 

Ҳусийчиларнинг ҳужумлари халқаро юк ташишда муаммоларга сабаб бўлмоқда ва минтақада кескинликни оширмоқда. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари минтақадаги ҳарбий иштирокини ошириб, ҳусийчилар нишонларига ҳужум қилди. 

Мавзуга оид