Спорт | 21:27 / 05.08.2024
18434
7 дақиқада ўқилади

Хитойлик вундеркинд АҚШ сузувчиларидан олтин тортиб олиб, тарих яратди

Сузиш бўйича комплекс эстафетада Америка эркаклар жамоаси Олимпиада тарихида илк бор ютқазди. Аммо хитойликларни яна допингда айблашмоқда.

Фото: Reuters

Олимпия ўйинлари. Париж (Франция)
Сузиш. Эркаклар. 4х100 метрга комплекс эстафета
1. Хитой — 3.27,46
2. АҚШ — 3.28,01
3. Франция — 3.28,38

4х100 метрга комплекс эстафета АҚШ жамоаси учун ўйлаб топилгандек эди. 1960 йилдан бери, Токиодаги Олимпиадада илк бор шу йўналиш бўйича баҳслар ўтказилиши бошланганидан буён америкалик сузувчилар бу дастурда ҳеч кимга ютқазишмаганди. Шундан буён 16 бор Олимпия ўйинлари ўтказилди ва америкаликлар ҳар сафар ғалаба қозонишди. Фақат 1980 йилги Москва олимпиадасида бу дастурда олтин медални австралиялик сузувчилар қўлга киритишган, чунки ўшанда Америка делегацияси турнирни бойкот қилган ва унга ташриф буюрмаганди.

Ва бу серия 2024 йил 4 августга қадар давом этди. Шу куни эса Париждаги «Ла Дефенс Арена»да кечган мусобақанинг охирги босқичида хитойлик Пан Жанлэ мўъжиза кўрсатиб, юз метр масофани 46 сониядан камроқ вақтда сузиб ўтди!

Пан Жанлэ эстафетани қабул қилиб олганида хитойликлар асосий рақобатчилар АҚШ ва Франция вакилларидан 0,7 сонияга ортда қолаётганди. Хитой жамоасининг якунда иккинчи ўриндаги америкаликлардан устунлиги эса 0,55 сонияга тенг бўлди. Бунинг барчаси хитойлик вундеркинд ўз чекига тушган тўртинчи босқичда юз метрлик масофани 45,92 сонияда босиб ўтиши эвазига бўлди.

У бир неча кун олдин 100 м масофага сузиш баҳсларида рақибларини бир секундга ортда қолдирган ҳолда (46,40) жаҳон рекордини ўрнатганди.

Лекин Жанлэ ўз рекордини янгилай олмади, чунки эстафета баҳсларида фақат биринчи босқичдаги натижалар рекорд ҳисобига ўтади, у эса тўртчи босқичда сувга тушганди. Бунга қадар эстафеталардаги норасмий рекорд 2008 йилда охирги юз метр масофага 46,06 сонияда сузган америкалик Жейсон Лезакка тегишли эди.

Жанлэ ғалабали сериясига барҳам бериш орқали америкаликларни нокаут ҳолатига туширди. Америкалик ва француз сузувчилар чемпионларни олқишлашди, мухлислар эса ҳуштакбозлик қилишди.

Допинг можароси

Сузиш дунёсида ХХР жамоасининг бу муваффақиятига икки хил қаралмоқда. Бир томон ушбу тўртликнинг натижасидан ҳайратга тушган, бошқалар эса бу ғалабада допингнинг ҳам ҳиссаси борлигини даъво қилишмоқда. Айниқса, жамоада Цин Хайян борлиги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ўз вақтида брасс усулида сузиш бўйича элита вакили ҳисобланган, жаҳон чемпиони ва рекордчи бўлган ушбу спортчи 2021 йил Токио Олимпиадаси арафасида қонидан триметазедин моддаси топилган 23 нафар хитойлик сузувчилар орасида эди.

Хитой аксилдопинг агентлиги атлетлар меҳмонхонада «зарарланган гўшт» истеъмол қилгани туфайли допинг тестдан ўта олмаганини билдириб, уларни оқлаган. Аммо кўпчилик бунга ишонмаганди ва бу Парижда хитойлик сузувчиларга муносабатда ҳам кўриниб турди. Хитойликларнинг Хайян билан биргаликда эстафетадаги тарихий ғалабаси эса ушбу жамоа манзилига танқидлар ёмғирини бошлаб берди. Хусусан, британиялик таниқли сузувчи Адам Пити барчадан фаолроқ. «Агар ноҳақ ғалаба қозонсангиз, бундай ғалабадан маъно йўқ», — деди у интервюсида хитойликларни назарда тутган ҳолда.

ОАВ маълумотига кўра, 2017 йилда ҳам Цин Хайяннинг допинг-тести мусбат натижа берган, ўшанда ҳам бунга егуликни баҳона қилишган. «Агар бундай препаратларга алоқангиз бўлса, алдаётганингизни биласиз, ғолиб ҳисобланмайсиз, тўғрими? Ўйлайманки, сиз ҳалол инсон сифатида спортдан кетишингиз керак. Барчани кетсин демайман — бу адолатсизлик. Аммо шубҳали ўтмиш билан боғлиқ камида икки ҳолат бор. Бу эса ҳафсалани ниҳоятда пир қилади», — дея давом этган британиялик. У допинг можароси ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилгани, чунки тоза спортга ишонишини айтган. Аммо энди унинг WADA томонидан қурилган тизимга ишончи бутунлай сўнган.

Жанлэ эса ҳеч бир жамоани Хитой жамоасини текширган каби текширмасликларини айтади. Допинг-офицерлар хитойлик спортчиларни истаса эрта тонгда уйғотган, истаса тунда уйқу бермаган, Ўйинлар вақтида ҳар бир сузувчи ўртача 25 мартадан намуна топширган.

«Агар биздан ҳеч нарса топилмаган бўлса, бизни нимада айблаяпсиз?» – дея савол қўяди Чжанлэ.

Уни 2010-йиллар бошида жаҳондаги энг кучли спринтер сузувчилардан бири бўлган австралиялик Жеймс Магнуссен қўллаган. Унинг сўзларига кўра, рақиблар сув остидан тош қидириш ўрнига, хитойликларга масофанинг якуний қисмида кучли иштирок этишга имкон берадиган техникасини ўрганиш керак бўлади.

Олимпиадада сузиш мусобақалари якунланди. Америкаликлар барибир етакчи

Россиялик сузувчи Михаил Доринов ҳам хитойлик сузувчилар борасида шубҳаларга қўшилади. У допинг масаласи Цин Хайяннинг виждонига ҳавола эканини айтди. Ушбу сузувчи кучли ўтган ўтган мавсумдан кейин олимпия ўйинларига яхши формада етиб кела олмади. Бир йил муқаддам унга тенг келадиган рақиб топилмаётганди, Фукуокада у 50 метр масофада ҳам, 100 ва 200 метр масофаларда ҳам олтин медалларни қўлга киритганди. Парижда эса 200 метр масофага сузишда бешинчи, юз метрга сузишда еттинчи бўлди. 200 м масофада Цин ўтган йилги жаҳон чемпионатида қайд этган натижасидан тўрт сонияга ортда қолди. Умуман, ХХР жамоаси сузиш бўйича мусобақаларда атиги бешинчи натижани қайд этди — 2 олтин (иккиси ҳам Пан Жанлэнинг шарофати билан), 3 кумуш ва 7 бронза. Дастлабки кунлардаги ишончсиз иштирокка қарамай, якунда америкаликлар биринчи бўлишди. Саккизинчи, ҳал қилувчи олтинни жамоага аёллар ўртасидаги эстафетадаги тўртлик олиб келди (8-13-7).

Эркаклар жамоасидан фарқли ўлароқ, Лилли Кинг ва компания уялтирмади ва комплекс эстафетада жаҳон рекордини ўрнатган ҳолда биринчи бўлишди.

Яхши старт олганига қарамай австралияликлар (Ариарне Титмуснинг ўзи иккита олтин, иккита кумуш олди) якунда етти олтин (саккиз кумуш ва уч бронза) билан — иккинчи бўлишди. Учинчи ўринда — французлар, мезбонлар тўртта олтин олишди — ва барчаси Леон Маршан томонидан (яна бир кумуш ва икки бронза). У эстафетада жамоа учун бир бронзани ҳам кафолатлаб берди. Франция ортидан учта олтин, иккита кумуш ва учта бронза олган Канада жойлашган — учала олтин ва бир кумушни 17 ёшли Саммер Макинтош қўлга киритган. Шундан кейингина Хитой, Италия, Венгрия ва Швеция жамоалари жойлашган. Шведлар бунинг учун ҳамон юқори спорт формасини сақлаб қолаётган Сара Шестремдан миннатдор бўлишлари керак, у 30 ёшида Олимпия ўйинларида 50 ва 100 метр масофаларга эркин сузишда олтин медалларни қўлга киритди.

Мавзуга оид