Жаҳон | 14:21 / 06.08.2024
2774
1 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидлари ҳақида огоҳлантирди

Бир қатор давлатлар огоҳлантиришларга қарамай, ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилишда давом этмоқда, деди Антониу Гутерриш.

Фото: Caitlin Ochs / Reuters

Дунё яна ядро қуролидан фойдаланишнинг ҳақиқий таҳдидига дуч келди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Ҳиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташланганининг 79 йиллигига бағишланган мурожаатида маълум қилди.

«Ядро қуроли ва ундан фойдаланиш таҳдидлари фақат тарих китоблари саҳифаларида қолиб кетмади. Бундай кундалик риторика халқаро муносабатлардаги вазият фонида яна ўзини намоён қилмоқда», — деди Бутунжаҳон ташкилоти раҳбари. 

Гутерриш ядро урушида ғолиб бўлиши мумкин эмаслигини ва уни ҳеч қандай шароитда бошлаш керак эмаслигини таъкидлади.

Унга кўра, бир қатор давлатлар огоҳлантиришларга қарамай, ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилишда давом этмоқда. БМТ бош котиби жаҳон ҳамжамияти бундай номақбул хатти-ҳаракатларни қоралаши кераклигини айтиб ўтди.

1945 йил август ойида Ҳиросима ва Нагасаки шаҳарларига Америка томонидан атом бомбаси ташланиши оқибатида деярли 210 минг киши қурбони бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид