Спорт | 14:21 / 06.08.2024
17609
14 дақиқада ўқилади

Олимпиаданинг 10-куни. Ўзи билан курашаётган рекордчи ва Байлзнинг қулаши

Футбол олимпиадасида финалчилар маълум.

5 август куни Париждаги Олимпия ўйинларида спортнинг тўққиз турида 20 та медаллар шодаси ўйналди.

Янги Бубка ғалаба қозонишда давом этмоқда. У икки карра Олимпия чемпиони

Олимпия ўйинлари. Эркаклар. Таяниб сакраш
1. Арман Дюплантис (Швеция) — 6,25 (жаҳон рекорди)
2. Сэм Кендрикс (АҚШ) — 5,95
3. Эммануил Каралис (Греция) — 5,90

Таяниб сакрашда кутилганидек феноменал швед Арманд «Мондо» Дуплантис ёрқин ғалабага эришди. Умуман олганда, бу спорт тури бўйича эркаклар орасидаги баҳсларда фақат битта интрига бор – Арман бу сафар янги жаҳон рекордини ўрнатадими ёки йўқ? Ва у қайси баландликда тўхтайди? Ҳозирда Мондонинг рақиби фақат битта — унинг ўзи. Аниқроқ айтганда — физика қонунлари ва инсон имкониятлари чегараси.

Дуплантис бу сафар ҳам табиатдан устун келди. 6,25 метр баландлик — Олимпия ўйинлари ва умуман енгил атлетика тарихидаги янги даража. Швед бу нуқтани душанба оқшомидаги якуний учинчи уринишида, 80 минг кишилик «Стад де Франс»нинг нигоҳи битта унга қадалиб турганида забт этди.

Енгил атлетикадаги асосий воқеа мухлислар кутганидек якунланди. Дуплантис икки карра олимпия чемпиони бўлди, аммо ҳеч ким шубҳа қилмаган ғалаба фактидан муҳимроқ нарса бор эди. Барчани фақат Мондонинг янги рекорди қизиқтирарди — ва у ишончни оқлади. Бу унинг фаолиятидаги тўққизинчи рекорд. Ҳолбуки у ҳали 24 ёшда.

АҚШда туғилган ва ўсган Дуплантис 2020 йилдаёқ украиналик Сергей Бубкага тегишли бўлган ва 26 йил давомида жаҳон рекорди ҳисобланган — 6 м 14 см натижани янгилаганди. 2021 йилда эса Токио олимпиадасида 6 м 2 см натижа билан чемпион бўлган, жорий йил апрелида Хитойдаги мусобақада 6 м 24 см баландликдан ўтиб, ўзининг 2023 йил сентябрида ўрнатган рекордини бир сантиметрга янгилаганди.

Париж олимпиадасида у 6 м 10 см натижа билан ғолиблик ва олимпия рекордини ўрнатди, кейин ўз рекордини янгилаш учун ҳаракат бошлади ва учинчи уринишда мақсадига эришди, кейин эса у бунинг барчаси ўзи учун қанчалик осонлигини намойиш этиш учун туркиялик мерган Юсуф Декичнинг ҳаракатларини такрорлади.

Футбол. Испания ва Франция финалда

Ўзбек ҳаками бошқарган ғалати ўйин

Марокаш – Испания – 1:2
Голлар:
1:0 – 37, пеналти Раҳимий, 1:1 – 65 Лопес, 1:2 – 85 Ҳуанлу Санчес.
Марокко – Муҳаммади, Ал-Ваҳди, Букамир, Ҳакими, Ал-Аззузий, Таргаллин, Ричардсон, Бен-Сегир, Эззалзули, Аҳомаш, Раҳимий.
Испания – Тенас, Миранда (Мигел Гутеррес, 62), Кубарси, Эрик Гарсия, Пубил (Ҳуанлу Санчес, 62), Алекс Баэна (Саму Омородион 90+2), Барриос (Бернабе, 62), Серхио Гомес, Лопес (Беньят Турриентес 89), Орос, Абел Руис.
Огоҳлантиришлар: Тенас (37), Раҳимий (37), Лопес (67), Бернабе (72), Ричардсон (76).

Испания футболчилари ёзни ажойиб ўтказмоқда. Аввалига асосий жамоа Европа чемпионатида ғолиб бўлишди, кейин бу ишни ўсмирлар жамоаси такрорлади, энди эса олимпиячилар — Олимпиада ғолиблигидан бир қадам берида турибди. Чоракфиналда испанлар японларни ишончли 3:0 ҳисобида мағлуб этишди. Энди яримфиналда марокашликлар тўсиғидан ўтилди.

Биринчи бўлимда кўп гол урилмади, аммо ёдда қоладиган воқеалар бўлиб ўтди. Биринчидан, ўйин бошидаёқ ўзбекистонлик бош ҳакам Илгиз Танташев жароҳат олди. Уни испанлар ҳимоячиси Пубил йиқитди, уни рақиб футболчиси туртиб юборганди.

Арбитрнинг оёғига мус босилди, аммо ҳакам шундан кейин ҳам оқсоқланиб ҳаракат қилди. Бундай ҳолатда у ўйинда ишлашда давом эта олмасди ва уни алмаштиришга тўғри келди. Қурилмаларни ўтказиш жараёнини ҳисобга олган ҳолда ўйинда етти дақиқа тўхталиш бўлди. Шу туфайли биринчи бўлимга 12 дақиқа қўшиб берилди. Биринчи бўлим давомида футболчилар сув ичиб олиши ҳам танаффус қилинганди.

Бу ўйиндаги яна бир ғалати ҳолат — кабутарлар билан боғлиқ.

Қушлар галаси мунтазам равишда майдоннинг бурчакка яқин қисмида бўлиб турди. Худди уларга кимдир дон сепиб қўйгандек. Қолаверса, улар футболчилардан умуман чўчимади. Футболчилар улардан бир метр нарида чопаётганида ҳам улар ҳуркиб учиб кетишмади. Баъзида қушлар барибир майдон бўйлаб кўчиб юришига тўғри келди.

Ўйинда эса испанлар дастлабки дақиқаларда кучлироқ кўринишди, аммо кейин марокашликлар пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Аввалига арбитр жарима майдонига яқин турган бўлса-да, фолни пайқамаганди. Аммо VAR туфайли барибир 11 метрлик нуқта кўрсатилди. 

Суфён Раҳимий эса зарбада адашмади, бу унинг учун Франция майдонларидаги олтинчи голи бўлди. «Ал-Айн» ҳужумчиси — турнирнинг энг яхши тўпурари. Голдан кейин Раҳимий уни дарвозабон қаршисига бориб рақс тушган ҳолда нишонлади ва бу провокацияси билан рақибни издан чиқарди. Якунда икки футболчига сариқ карточка кўрсатилди.

45+8-дақиқада испанлар ҳисобни тенглаштиришга яқин келганди, аммо Алекс Баэнанинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди. Пеналтидан кейин марокашликлар ҳам тенгма-тенг ўйин кўрсата бошлади. Аммо Испания барибир мувозанатни тиклади. Бунга иккинчи бўлимдаги футболчи алмаштиришлар эвазига эришилди.

Яримҳимоячи Фермин Лопес жарима майдонидаги тўпга биринчи бўлиб етиб бориб, қайтариб бўлмас зарба йўллади. У голини нишонлашга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, огоҳлантириш ҳам олди. «Барселона» футболчиси бурчакдаги байроқни тепиб, уни қоқ иккига бўлиб юборганди.

Ва айнан Фермин ўйин тақдирини ҳал қилган ҳужумда ҳам муҳим рол ўйнади. У 85-дақиқада узоқ бурчакка идеал зарба йўллаган Ҳуанлу Санчесга ассистентлик қилди. Марокашликлар ўйинни қутқаришга уринишди, аммо бунга вақт қолмаганди. Испанлар дарвозасига қўшимча дақиқаларда майдонга тушиб келган мухлисгина гол ура олди. Бу эса бундай ғалати ўйин учун мантиқий якун бўлди.

Олисе ва Матета — Франция қаҳрамонлари

Франция — Миср 3:1
Голлар:
Матета (83, 99), Олисе (108) — Собир (62).
Франция – Рест, Трюффер, Лукеба, Баде, Силдийя, Шотар, Диуф (Дуэ, 76), Аклиуш (Магасса, 118), Олисе, Ляказетт (Калимуэндо, 105), Матета (Шерки, 118).
Миср – Ала, Абдулмажид, Файед, Ад Дебес (Мажар, 90), Шеҳата (Саад, 111), Эл Ненни, Одил (Ториқ, 93), Собир (Камол, 98), Кока, Зизу (Ҳамди, 111), Файсал (Отто, 90).
Огоҳлантиришлар: Баде (89), Файед (90+7), Зизу (105+1), Камол (105+2), Лукеба (105+4). 
Четлатиш: Файед (92).

1992 йилдан футбол олимпия турнирларида ёш бўйича чекловлар ўрнатилганидан бери Франция ўйинларда ҳеч қандай натижага эриша олмаган. «Учранглилар» саккиз уринишдан олтитасида саралаш турниридан ўта олмаган. Ўйинлардаги икки иштирок ораси чорак асрни ташкил этади. Атланта-1996 олимпиадасида таркибида Виейра, Пирес, Кандела, Макелеле, Морис ва Вилтор бўлган француз чоракфиналда Португалияга ютқазган, Токиодаги турнирда эса буткул муваффақиятсизликка учралган. Тажрибали Жиняк ва бўлажак жаҳон вице-чемпиони Коло Муани билан иштирок этган жамоа гуруҳда фақат ЖАРни қийинчилик билан мағлуб этган (4:3), Мексика (1:4) ва Япония (0:4) билан ўйинларда йирик ҳисобларда ютқазган.

Ўша натижа ва уч ўйинда ўтказиб юборилган 11 та гол жамоа ўйинида баланс йўқлигини яққол кўрсатиб қўйганди. Тиерри Анри бошқарувидаги жамоа эса — ўша жамоанинг буткул акси. Яримфиналга қадар Рест ўз дарвозасидан бирорта гол олиб чиқмади, ҳолбуки март ойида 19 ёшни қаршилаган «Тулуза» посбони кўп марта жамоани қутқаришига тўғри келди. Уйдаги турнир учун жамланган Франция таркиби — ҳимояда ишончли ўйин кўрсатаётган ва энг юқори натижани кўзлаган жамоадир. Қолаверса, бу жамоа иккинчи бўлимларда ирода кўрсата олмоқда.

Мисрга қарши ўйиннинг биринчи бўлими анча нурсиз кечди, мезбонлар сафида фақат Баденинг бурчак зарбасидан кейин устунни нишонга олиши ёдда қолди, иккинчи бўлимда эса французлар ўйинни кучайтирди ва босимни оширди. Мисрлик ҳимоячи ўз дарвозаси яқинида тўпни йўқотганида Ляказетт жарима майдони марказидан туриб аниқ зарба беролмади. Трибунадагилар бу вазиятни муҳокама қилиб улгурмасидан Франция гол ўтказиб юборди, бу вазиятда Сабер ажойиб ҳаракат қилди. У дастлабки зарбаси ҳимоячидан қайтгач, тўпни яна ўзига ўнглаб олди, икки рақибдан қочиб кетди ва дарвозага бир неча метр масофадан туриб шу қадар кучли зарба йўлладики, дарвозабон қўлини кўтаришга улгурмади.

«Учранглилар» ўзи учун ноодатий ҳолатга тушиб қолишди, аммо барибир максимал даражадаги драматик сценарий билан вазиятдан чиқиб кетишди. Аввалига улардан омад юз ўгиришда давом этди, бир ҳужумнинг ўзида Ляказетт ва Баденинг зарбалари дарвоза тўсини ва устунига тегди. Аммо барчасини Олисенинг турнирдаги тўртинчи голли паси ўзгартириб юборди, у Матетани яккама-якка вазиятга чиқариб юборди ва ҳисоб тенглашди. Кейин эса ҳакам барчаси ўйиннинг асосий вақтида ҳал бўлишига кўнмади, у VAR ҳакамлари фикрига қўшилмади ҳамда тўп жарима майдони ичида мисрлик ҳимоячининг қўлини топган ҳолат учун пеналти белгиламади.

Лекин қўшимча бўлимлар бошланганида рефери «Фиръавнлар»ни аямади ва Файедга иккинчи сариқ карточка кўрсатди. Франция бу устунликдан фойдаланди, Олисе яна бир марта бежиз «Бавария»га ўтмаганини намойиш этди. Унинг намунали узатмасидан кейин Силдийя тўпни шу куни дубл қилган Матетага ташлаб берди. Мезбонларнинг плей-оффлардаги голларига фақат шу форвард муаллифлик қилаётганди, аммо ўйиндаги охирги нуқтани Олисенинг ўзи қўйди. Сенсацийя рўй бермади — Африка вакиллари бронза учун баҳслашади, чемпионлик эса — Барселона-1992 дан буён илк бор — Европа вакилига насиб этади. 32 йил муқаддам Испания чемпион бўлганди, Франциянинг охирги олимпия олтинини қўлга киритганидан буён эса 40 йил вақт ўтди. Бундан яхшироқ финални ўйлаб бўлмасди.

Финал 9 август куни ўтказилади:

Франция — Испания (Тошкент вақти билан соат 21:00)

Учинчи ўрин учун баҳс 8 августга белгиланган

Миср — Марокаш (20:00).

Симона Байлз Олимпиадада бир кунда икки бор ютқазди

Симона Байлз шу куни Парижда Олимпиадалардаги тўққизинчи олтин медални олган ҳолда, совет гимнасткачиси Лариса Латининанинг абадий рекордини янгилаши мумкин эди. Бунинг учун аввалига тўсинда, кейин — эркин машқларда биринчи бўлиш талаб этиларди.

Албатта, Берсидаги аренада йиғилган мухлисларнинг катта қисми Байлзнинг иштирокини кўриш учун келишганди. Тўсиндаги машқларни бажарадиган иштирокчилар чиқиб келганида унинг номи эълон қилингач, зал олқишлардан портлай деди. Байлз эса ўзини ўта хотиржам тутарди. Рақиблари чигалёзди машқлари билан машғул бўлганида, у стулда эснаб ўтирди.

Дастлабки иштирокчиларнинг чиқишлари бошланганида ҳам у ўрнидан қўзғалмади, у фақат АҚШ жамоаси вакилини омадсиз чиқишдан кейин қўллаб-қувватлаш учун ўрнидан турди.

Тўсинда машғулотлар ўтказиш навбати келганида у бунга 30 сония ажратди, бир марта сакраш машқини ижро этди ва яна дугоналари олдига йўл Олди. Чиқиш вақти келганида эса Байлз узоқ вақт полда ўтириб тайёрланди.

Чиқиш эса муваффақиятсиз кечди, Байлз тўсиндан йиқилди — бутун зал реакция билдирди.

Шундан кейин Симона уч дақиқа давомида баҳосини кутиб турди. Баҳолар эълон қилинганида эса у тўртинчи ўринни эгаллагани маълум бўлди, шундан кейин мусобақа якунини кутди ва италиялик спортчини олтин билан табриклаб, трибуна остига йўл олди.

Икки соатдан кейин эркин машқлар бўйича мусобақа бошланди. Симона бу сафар ҳам ўзини ўта хотиржам тутди ва умуман асабийлашмади. Кейин эса чиқишин амалга оширди ва ютқазди. Ҳакамлар гиламдан ташқарига қўнгани учун ундан баллар олиб ташлашди, шу туфайли у бразилиялик Андрадега 0,033 балл фарқ билан ютқазди ва кумуш билан кифояланди. Симона баҳосини юзда табассум билан қарши олди, кейин эса бронза олган бошқа америкалик спортчини қизғин табриклади. Шу кунги мусобақалар Байлзнинг триумфи бўлиш ўрнига, бразиллар карнавалига айланди.

Байлз Лос-Анжелесдаги ўйинларда иштирок этиши – катта сўроқ остида. 2028 йилда Симона 31 ёшда бўлади. Бундай ёшда гимнастикада медал олиш эса осон эмас. Ҳозирча эса бир фактни келтириш мумкин: Байлз Париждаги ўйинларда сайёра тарихидаги энг кучли гимнастикачи бўла олмади.

АҚШ ва Хитой рақобатни давом эттирмоқда

Олимпиаданинг ўнинчи кунида асосий фаворитлар бироз сустлашди, АҚШ 2 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза билан кифояланди, Хитойда ҳам 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза. Америкаликлар кумушлар сони кўпроқлиги эвазига (21-30-28) олдинда бормоқда. 

Учинчи ва тўртинчи ўринлардаги Франция (13-16-19) ва Австралия (13-12-8) анча ортда қолган. Сўнгги кунда бу жамоалар биттадан олтин билан кифояланишди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид