Имомали Раҳмон Марказий Осиё келажаги учун умумий позицияни шакллантириш кераклигини айтди
Ўсиб бораётган глобал чақириқ ва таҳдидлар фонида Тожикистон президенти хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги самарали шаклларини ишлаб чиқиш таклифини берди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида сўнгги олти йил ичида минтақада ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан мамнун эканини билдирди ва буни мамлакатлар раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси самараси деб баҳолади. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Тожикистон раҳбари ўз нутқида ҳамкасблари эътиборини савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида дастурларни ишлаб чиқиш, йирик транспорт, инфратузилма ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш, гидроэнергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳада ўзаро ҳамкорлик қилишга қаратди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари минтақада «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилларини санаб ўтди: электрон тижорат, рақамли технологиялар ва энергетика, айниқса, «яшил» энергетика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Тожикистон президентининг маълум қилишича, «дунёда жадал ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда Марказий Осиё келажаги учун умумий позицияни шакллантириш зарурати юзага келган».
Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, беш йилда минтақада товар айирбошлаш 80 фоиздан ортиққа ошган (10 миллиард доллардан ортиқ). Тожикистон раҳбарининг фикрича, агар мавжуд потенциалдан фойдаланилса, яқин келажакда бу 20 миллиард долларга етиши мумкин.
Тожикистон президенти Марказий Осиё давлатлари саноат вазирларининг биринчи учрашувини 2025 йилда Душанбеда ўтказиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, у Маслаҳат учрашувлари доирасида «Экспо — Марказий Осиё» кўргазмаларининг ҳар йили ўтказилиши фойдали эканини айтди.
Ўсиб бораётган глобал чақириқ ва таҳдидлар фонида Тожикистон президенти хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги самарали шаклларини ишлаб чиқиш таклифини берди. Шунингдек, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида яқин ҳамкорлик механизмларини яратиш таклифини ҳам илгари сурди.
Мавзуга оид
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024
Тожикистонда Counter Strike ва GTA видеоўйинларини тақиқлаш таклиф қилинди
22:15 / 25.10.2024