Жаҳон | 11:51 / 09.08.2024
3120
4 дақиқада ўқилади

Липецк яқинида дронлар ҳужумидан кейин ҳарбий аэродромда ёнғин чиқди

Липецк губернатори сўзларига кўра, электр таъминоти тизими шикастланган, бу эса электр таъминотида узилишларга олиб келган, шунингдек, «хавфли материалларнинг портлаши» ҳам содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳарбий аэродромда ёнғин содир бўлган.

Фото: Handout/TELEGRAM/@gubernator_46/AFP

Россиянинг Липецк шаҳри ва Липецк вилояти 9 август, жумага ўтар кечаси дронлар йирик ҳужумига учради. Бу ҳақда Москва вақти билан соат 1.46 дан 7.40 га қадар ўзининг Telegram-саҳифасида дрон ҳужумлари мавзусида аввалига «қизил», кейин эса «сариқ» хавф даражаси ҳақида йигирмата ёзув киритган вилоят губернатори Игор Артамонов маълум қилди.

Хусусан, Москва вақти билан соат 3.38 да Артамонов энергетика инфратузилмаси объектига зарар етказилгани, натижада электр таъминотида узилишлар юз бергани ҳақида хабар қилган. Тахминан бир соат ўтгач, у Липецк шаҳар округи ҳудудида «портловчи объектларнинг портлаши оқибатларини бартараф этиш учун» фавқулодда режим жорий этилаётганини ёзди. Ҳудуддаги 4 та аҳоли пункти эвакуация қилинди. Губернаторнинг сўзларига кўра, УУА ҳужуми натижасида 9 киши жароҳатланган. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Липецк вилояти бўйича бош бошқармаси минтақада жойлашган ҳарбий аэродромда ёнғин содир бўлганини маълум қилди. «Учинчи рақамдаги ҳарбий аэродромда ёнғин содир бўлди», — дейилади департамент хабарида. Astra Telegram-каналига кўра, аэродромдаги дрон ҳужумидан сўнг ўқ-дорилар омбори ёниб кетган бўлиши мумкин. 

Россиянинг бешта ҳудудида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди 

Агентлик маълумотларига кўра, Липецк вилоятидан ташқари, 9 августга ўтар кечаси қўшни Курск, Брянск, Белгород ва Воронеж вилоятларида ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Қримда ҳам дрон ҳужумлари қайд этилган. Кремл томонидан тайинланган шаҳар «губернатори» Михаил Развожаевнинг сўзларига кўра, Украина учта учувчисиз учоқлари ва «Нептун» ракетаси Севастопол порт шаҳри яқинида денгиз узра уриб туширилган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. 

Россия Мудофаа вазирлиги эрталаб Липецк вилояти осмонида тунда 19 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар бериб, Россия Федерацияси ҳудудларига тунги ҳужумда жами 75 та дрон иштирок этганига аниқлик киритди. Вазирлик маълумотларига кўра, улардан 26 таси Белгород, еттитаси Курск, бештаси Брянск, тўрттаси Воронеж, биттаси Орол, бештаси Қрим, саккизтаси Қора денгиз узра уриб туширилган.

Курск вилоятида жанглар

Курск вилоятининг Суджанский ва Кореневский туманларида охирги уч кундан бери жанглар давом этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий экспертлар маълумотларига кўра, Украина армиясининг бўлинмалари Россия Федерацияси ҳудудига кириб келган. Камида иккита россиялик ҳарбий хизматчи асирга олинди ва рус армияси Ка-52 вертолётини йўқотди - у FPV-дрон томонидан уриб туширилди. 

Россия президенти Владимир Путин Украина Қуролли кучларининг Москвадан 500 км узоқликдаги Курск вилояти билан чегарани кесиб ўтганини «кенг кўламли провокация» деб баҳолади. Давлат раҳбари 7 август куни ҳукумат аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда нутқ сўзлади. Кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда мудофаа вазири Андрей Белоусов, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ва Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников иштирок этди. Ҳисоботни Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов тақдим этди.

Украина расмийлари чегарадаги Курск вилоятида учинчи кундан бери давом этаётган жанглар ҳақида илк бор изоҳ берди. Россиянинг Курск ва Белгород вилоятларида «ҳар қандай кучайиш, ўққа тутиш, ҳарбий ҳаракатлар, мажбурий эвакуация ва нормал ҳаёт шаклларини йўқ қилиш»нинг асосий сабаби «фақат россияликлар тажовузи», деб ёзган Михаил Подоляк.

Мавзуга оид