Ўзбекистон | 20:42 / 11.08.2024
11800
6 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё интеграциясини урғулаган маслаҳат учрашуви. Экспертлар билан суҳбат

Остонага йиғилган Марказий Осиё етакчилари жипслашиш зарурати ҳақида гапиришди. Хўш, минтақа давлатларини бунга ундаётган омиллар қайсилар? Тўсиқлар-чи? КХШТга аъзо Қозоғистоннинг МОда умумий мудофаа сиёсатига чорлови нимадан дарак беради? “Геосиёсат”да бу каби саволларни сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Ойбек Сирожов таҳлил қилди.

Ойбек Сирожовнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатларига бирлашув бошқа давлатлар, масалан Россия ёки Хитой таъсиридан масофа сақлаш учун ҳам керак.

“Эътибор берадиган бўлсангиз, минтақада хавфсизлик масаласи долзарблашса, интеграция масаласи ҳам олдинга сурилади: 1992 йил, 1997 йилдаги воқеалар ёки Афғонистон воқеалари ҳам бунга мисол бўла олади”, дейди у.

Сирожов 1990-йилларда ҳам Марказий Осиё бирлиги бўйича бир нечта платформалар тузилгани, лекин булар ҳам ички, ҳам ташқи сабаблар билан муваффақиятли бўлмаганини эслайди. “Бу ерда минтақа давлатлари бирлашса, ким бошлиқ бўлади деган муаммо борлиги учун ҳам бу жараён сустлашмоқда. Шунингдек, бошқа йирик ташқи дунё давлатлари ўз ичимиздан турли муаммолар қўзғашга ҳаракат қилишди. Бу чегара ва сув муаммоларида кўринади. Бу эса бошқа давлатларга қўл келди”, дейди таҳлилчи.

Фарҳод Толиповга кўра, ўша вақтларда ОАВда ва илмий давраларда Марказий Осиё интеграциясига гўёки бошлиқ бўлиш борасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг имкониятлари таққосланган, бу борада рақобат кетмоқда деган фикрлар айлантирилган. “Лекин бу шунчаки афсона экани аён бўлган. Ҳаттоки бир саммитда Каримов ва Назарбаевларга бир журналист шундай мазмундаги саволни берганда, улар жуда қизиқ жавобни беришган эди. “Биз рақобат ҳеч қандай фойда келтирмаслигини тушуниб турибмиз, биздан кейин халқимиз қай аҳволда қолиши мумкинлигини ҳам биламиз ва шунга кўра изчил ҳаракат қилмоқдамиз”, деб жавоб беришган. Агар бошқа геосиёсий масалаларга аралашмасдан фақат Марказий Осиё интеграциясини устувор қўядиган бўлса исталган минтақа давлатлари бошлиқлари бунга муносиб, албатта”, – деди Фарҳод Толипов.

Шу ҳафта Остонада ўтган навбатдаги маслаҳат учрашувида Шавкат Мирзиёев миллий ID карталарни ўзаро тан олишга чақирди. Таҳлилчиларга кўра, бу ташаббуснинг амалга ошиши интеграция йўлида жуда катта қадам бўлган бўларди.

“Мен доим Европа интеграциясини бошқа давлатларга намуна сифатида кўрсатиш керак деб таъкидлайман. Европа ҳам кичик ҳаракатлар орқали умумий сиёсий жараённи амалга оширган ва бу уларга бир руҳлантирувчи ҳам бўлган. Ва мана бу биз кўриб турган Европа Иттифоқи шаклланди. Марказий Осиёда ID-карта орқали чегарадан ўтиш амалга оширилганининг ўзи ҳам интеграциянинг ривожланаётганидан далолат беради, бу Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида амалга оширилмоқда. Бешала давлат орасида эркин ҳаракатланиш имкониятининг вужудга келиши интеграциянинг муҳим асосларидан бири бўлади”, дейди Фарҳод Толипов.

Ойбек Сирожов жиплашув халқлар ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлаши кераклигига урғу берди. “Ягона шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан бутун Марказий Осиёда юриш нафақат туризм соҳасида, балки барча жабҳа учун муҳим. Масалан, таълим соҳасида ҳам бунинг ривожини кўришимиз мумкин. Бу ерда интеграция сиёсий элита ёки раҳбарларнинг яқинлашуви эмас, бутун жамиятнинг бирдек яқинлашуви ҳисобланади. Ягона Марказий Осиё жамиятини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири – эркин ҳаракатланишни таъминлаш, эркин ҳаракатланишни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси эса ID-карталарни ўзаро тан олиш бўлади. Аммо хавфсизлик архитектурасининг емирилиши ва нотинчлик ҳукм сураётган бир даврда, бу жараённи амалга ошириш бирмунча секинроқ кечиши мумкин. Лекин ҳозир – бутун Марказий минтақа учун уникал пайт, биз бундан унумли фойдаланишимиз зарур”, деди у.

Қосим-Жўмарт Тўқаев маслаҳат учрашувидан олдин эълон қилган мақоласида минтақа давлатлари мудофаа ва хавфсизлик сиёсати доирасида бирлашиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда сўз юритган Фарҳод Толипов бир вақтлар Марказий Осиё батальони тузилганини ёдга олди.

“Бу ерда марказий батальонни ривожлантириш борасида тажриба бор аввалдан. НАТОнинг тинчлик йўлида ҳамкорлик лойиҳасида барча Марказий Осиё давлатлари бирдек қатнашди. Замонавий стандартларга мослашиш, қурол-яроғ, алоқа, қўмондонлик, уларни татбиқ қилиш масалаларини ўрганиш бўйича тажрибага эришдик. Мана, охирги йилларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон ҳарбий қўшинлари биргаликда ҳарбий машқларни бажаришди. Секин-секин бир-бирига мослашиш, бир-бирини таниш, ижтимоий мудофаа шакллантирилмоқда”, дейди таҳлилчи.

Ойбек Сирожовга кўра, минтақа давлатлари аввало иқтисодий интеграцияга асосий урғу бериши, ҳарбий интеграция эса туркий давлатлар ташкилоти доирасида бўлиши мақсадга мувофиқ. “Озарбойжон ва Туркиянинг босиб ўтган йўли бизга ўрнак бўла олади. Ҳозирда икки давлат ягона армия масаласини илгари суришмоқда. Кейинги даврдаги Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тўқнашувда Озарбойжон ва Туркиянинг бирлашуви муҳим рол ўйнади”, дейди у.

Суҳбат билан тўлиқ шаклда видео орқали танишишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид