Ўзбекистон | 16:59 / 12.08.2024
6565
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори жаримага тортилди

Поп туманидаги мактаблардан бирида педагогларни муассасага чақиртириб, ўт-ўлан юлишга мажбурлаган директор 17 миллион сўм жаримага тортилди.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилояти Поп туманидаги 43-мактаб директори педагогларни таълим масканига чақириб, муассаса ҳудудини тозалашга, ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри хабар берган.

Қайд этилишича, таҳририятга берилган материалларга кўра, мактаб директори М.Марасулова ўқитувчиларнинг вазифасидан ташқари ишларни қилишни истамаганлардан 500 минг сўмдан пул талаб қилган. Қолаверса, уларни ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғишга ҳам мажбурлагани таъкидланган.

Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, вазиятни вазирликнинг Поп тумани бўлими Давлат меҳнат инспекцияси ўрганган.

Шунга мувофиқ Меҳнат кодексининг 5-моддаси ҳамда ҳукуматнинг 349-сонли қарорига зид равишда, муассаса ходимлари мактаб ҳовлисида тозалов ишларига жалб этилгани аниқланган.

Ташкилот раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан БҲМнинг 50 баравари, 17 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, уларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади.

Мавзуга оид