Жаҳон | 19:01 / 12.08.2024
4519
3 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг жияни давлатга 1,6 млрд доллар қийматли мулкларни қайтарди

Қайрат Сотиболдиулига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар ўта йирик миқдордаги маблағларни ўғирлаш, жиноий йўл билан олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни легаллаштириш, шунингдек, компаниялар томонидан божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича тергов қилинди.

Фото: РИА Новости

Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши кураш хизмати собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдиули томонидан давлатга қайтарилган мулклари рўйхатини тақдим этди.

Сотиболдиулига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар «Казактелеком» ва «Транспорт сервис маркази»дан ўта йирик миқдордаги маблағларни ўғирлаш, жиноий йўл билан олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни легаллаштириш, шунингдек, компаниялар томонидан божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича тергов қилинди.

«Тергов давомида Қ.Сотиболдиули ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди, етказилган зарарни тўлиқ қоплади, шунингдек, жиноий ҳуқуқбузарликларни тергов қилиш ва жиноий йўл билан олинган мол-мулкни фош этишга ҳисса қўшди. 2022 йилдан ҳозирги кунга қадар Сотиболдиули ва унга алоқадор шахслар томонидан ноқонуний равишда сотиб олинган 732,8 миллиард тенге ёки 1,6 миллиард доллардан ортиқ мол-мулк ва маблағлар давлатга қайтарилди», дейилади Антикоррупция қўмитаси хабарида.

Қўмита маълумотларига кўра, қайтарилган активлар қаторига маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уйлар, квартиралар ва автомобиллар, компаниялардаги улушлар, темирйўллар ва маблағлар, шу жумладан хориждан олинган маблағлар киради.

Жумладан: «Казактелеком»нинг 28,8 фоиз акцияси (197 млн доллар), «ЦТС» АЖ (63 млн доллар), тўртта компаниядаги улуш (21,6 млн доллар), Қозоғистондаги мулкий активлар (332,8 млн доллар), эксклюзив заргарлик буюмлари (230 млн доллар), Қозоғистон банкларидаги пуллар (77 млн доллар), хориждаги пуллар (361,5 млн доллар), қимматли қоғозлар (300 млн доллар).

Қайд қилинишича, умумий қиймати 331 млн доллардан ортиқ бўлган 115 та объект давлат мулкига ўтказилган, улардан 73 таси кўчмас мулк объекти: 13 та уй, 10 та бино, 13 та ер участкаси, 4 та хонадон, 3 та бино, 2 та мадраса биноси, 2 та автотураргоҳ, 25 та бино, 1 та қурилиши тугалланмаган объект, 37 та кўчар мулк (29 та автомобил, 5 та махсус техника, 3 та квадроцикл) ва бошқа мол-мулк.

Мулкнинг бир қисми Сотиболдиулининг яқин қариндошлари, манфаатдор шахслар ва назорат остидаги компаниялари номига расмийлаштирилган.

Таъкидланишича, маблағлар давлат даромадига айлантирилиб, ижтимоий мақсадларга йўналтирилади.

2022 йил 13 мартда Коррупцияга қарши кураш хизмати Қайрат Сотиболдиули ҳибсга олинганини эълон қилди. 2022 йил 26 сентябрда у 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Мавзуга оид