Жаҳон | 23:03 / 14.08.2024
7495
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Курск вилоятида ҳарбий комендатуралар тузилишини эълон қилди

Украина президентига кўра, мамлакат Қуролли кучлари халқаро конвенциялар ва гуманитар ҳуқуқ талабларига риоя қилади.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленский Курск вилояти ҳудудида ҳарбий комендатуралар ташкил этиш ниятида эканини маълум қилди.

«Асосий масалаларни муҳокама қилдик. Хавфсизлик, гуманитар ёрдам, зарурат туғилганда ҳарбий комендатураларни ташкил этиш. Украина ўзи ва чегара ҳудудлардаги одамларини ҳимоя қилади ҳамда Россия ҳудудида фаол ҳаракатларни амалга оширмоқда», — деб ёзади Украина етакчиси ўзининг Telegram каналига.

Унинг қўшимча қилишича, Украина Қуролли Кучлари (УҚК) халқаро конвенциялар ва гуманитар ҳуқуқ талабларига риоя қилади.

Мудофаа бўйича Дума қўмитаси аъзоси Виктор Заварзиннинг маълум қилишича, Россия Курск вилоятида украина ҳарбий комендатураларининг тузилишига йўл қўймайди, Россия армияси УҚКни янчиб ташлайди.

«Оддий қилиб айтганда: биз уларнинг ҳаммасини қувиб соламиз, йўқ қиламиз. У ҳеч қанақа комендатураларни тузмайди — мен буни ўз масъулиятим билан эълон қиламан. Ҳозир жиддий режалаштириш олиб борилмоқда, биз куч ва ресурсларни жалб қиляпмиз, ҳужум бўлинмаларимиз ишламоқда. Бу вақт масаласи», — дейди у RTVI’га берган интервюсида.

Украина Қуролли кучлари Россия билан давлат чегарасини 6 август тонгида кесиб ўтиб, Курск вилоятига ҳужум қилди. Американинг Урушларни тақиқ этиш институтига кўра, украин ҳарбийлари 800 квадрат километр ҳудудни назоратга олган. 13 август куни кечқурун эса Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский билан суҳбати видеосини эълон қилди, унда қўмондон Курск областидаги 74 та аҳоли яшаш манзили Украина назоратига ўтгани тўғрисида ҳисобот берган.

Мавзуга оид