Жаҳон | 23:02 / 15.08.2024
3063
2 дақиқада ўқилади

Литва Беларус билан чегара яқинига ҳарбий шаҳарча қуради

Майдони 170 гектарни ташкил этадиган ҳарбий шаҳарчага Германиядан келадиган ҳарбийлар жойлаштирилади.

Фото: Anadolu Agency

Литва Беларус билан чегара яқинидаги полигонга немис бригадасини жойлаштириш учун ҳарбий шаҳарча қуради. Бу ҳақда мамлакат Миллий мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Руднинкай полигонидаги интенсив тайёргарлик ишлари якунланганидан кейин Литва тарихидаги энг йирик ҳарбий инфратузилмани қуриш бошланади. Шу сабабдан 19 август куни Руднинкай полигонида капсулани қўйиш билан боғлиқ рамзий маросим бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.

Маросимда Литва бош вазири Ингрида Шимоните, миллий мудофаа вазири Лауринас Кашюнас, Литва Қуролли кучлари қўмондони генерал Раймундас Вайкшнорас ва немис бригадасининг асосий бўлинмаси командири полковник Андре Хастенрат иштирок этади.

Майдони 170 гектарни ташкил этадиган ҳарбий шаҳарчани лойиҳалаштириш ва қуриш билан «Эйкос Статиба» ёпиқ акциядорлик жамияти шуғулланади.

Идоранинг маълум қилишича, полигон бир неча йил давомида Литвага жойлаштириладиган бундесвер бригадасининг машғулотлари учун асосий жойга айланади. Германиялик ҳарбийларнинг Литвага тўлиқ жойлашиши 2027 йилда якунланади.

Умумий ҳисобда Германия Литва ҳудудига 5 минг нафар ҳарбий хизматчи ва ёрдамчи ходимларни юборади.

Июнь охирларида Полша, Литва, Латвия ва Эстония Европа Иттифоқини Россия ва Беларусь билан чегарада мудофаа чизиқлари қуришга чақирганди. Бундай линия қурилиши 2,5 миллиард еврога тушиши мумкинлиги айтилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид