Жаҳон | 12:10 / 16.08.2024
4664
2 дақиқада ўқилади

NASA икки астронавтни Ерга қайтариш ҳақидаги масала устида ишламоқда

Август ойи охирида NASA Барри Батч Уилмор ва Сунита Уилямсни ХКСдан қайтариш учун Boeing компаниясининг Starliner кемаси ёки SpaceX’нинг Crew Dragon капсуласидан фойдаланиш тўғрисида бир қарорга келади.

Сунита Уильямс ва Барри Батч Уилмор Фото: MIGUEL J. RODRIGUEZ CARRILLO/AFP

Аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA) август ойи охиригача астронавтлар Барри Батч Уилмор ва Сунита Уилямсни Халқаро космик станция (ХКС)дан Ерга қайтариш бўйича қарор қабул қилмоқчи: Boeing компанияси Starliner кемасида ёки Илон Маскнинг SpaceX ширкатига тегишли Crew Dragon капсуласида. Бу ҳақда NASA вакиллари 14 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди

61 ёшли Батч Уилмор ва 58 ёшли Сунита Уилямсни ХКСга олиб борган Boeing'нинг биринчи Starliner синов миссияси дастлаб 8 кун давом этиши режалаштирилган эди. Бироқ, ХКСга туташиш пайтида космик капсуланинг ҳаракатланиш тизимида муаммолар пайдо бўлди. Техник носозликлар туфайли экипаж ҳали ҳам Ерга қайтиб кела олмаяпти.

Матбуот анжуманида NASA Коинот операциялари бошқармаси маъмурининг ёрдамчиси Кен Бауэрсокс астронавтлар ХКС бортида қўшимча вақтларидан унумли фойдаланаётганини айтди. «Аммо мен ишонаманки, улар ҳам биз каби қарорни кутишмоқда», - дея қўшимча қилди у. 

Аниқлик киритилишича, агар қарор Space X фойдасига қабул қилинса, у ҳолда бу компания ХКСга 24 сентябрга режалаштирилган Crew-9 миссиясини одатдагидек бортида тўртта астронавт билан эмас, балки икки киши билан амалга оширади. 2025 йил феврал ойида Crew Dragon капсуласи Барри Батч Уилмор ва Сунита Уилямс билан бирга Ерга қайтиши мумкин бўлади. 

Мавзуга оид