Иқтисодиёт | 19:09 / 16.08.2024
1938
2 дақиқада ўқилади

Такси ҳайдовчиси сифатида рўйхатдан ўтганлар сони ярим миллиондан ошди

Йил бошидан бери улар томонидан 166 миллиондан ортиқ қатнов учун 3 триллион сўмлик фискал чек берилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 576,1 минг ҳайдовчи такси хизмати соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Қайд қилинишича, аввал норасмий ишлаб келган 576,1 минг ҳайдовчи йўловчи ташиш соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтган. Улардан 361 минг нафардан зиёди агрегаторлар орқали хизмат кўрсатади, бу март ойидаги кўрсаткичларга нисбатан 2 баробар кўп. Такси ҳайдовчиларининг 99,2 фоизи эркаклар ҳисобланади.

Шу билан бирга, йил бошидан 15 августгача агрегаторлар орқали 166 миллиондан ортиқ қатнов учун 3 триллион сўмлик фискал чек берилган. 1 март ҳолатига (18,3 млн қатнов) таққослаганда қатновлар сони 9 баробарга ортган.

Апрел ойида 6 та такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлса, августга келиб, уларнинг сони 142 тани ташкил этган.

Бир марталик йўловчи ташишнинг ўртача нархи 18 минг сўмни ташкил этган. Йўлкиранинг 75,3 фоизи нақд кўринишида тўланган.

Таъкидланишича, тўловларни фискаллаштириш ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчиларнинг даромадлари ҳақида маълумот олиш имконини бермоқда. Уларнинг йил бошидан то 15 августгача бўлган даромади қуйидагича тақсимланган:

- 125,6 минг нафари 1 млн сўмгача;

- 104 минг нафари — 1−5 млн сўм;

- 45,3 минг нафари — 5−10 млн сўм;

- 78 минг нафари — 10−50 млн сўм;

- 7,6 минг нафари — 50−100 млн сўм.

- 171 нафар ҳайдовчининг даромади 100 млн сўмдан ошган.

Қонунчиликка кўра, 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йилга қадар такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ишлаши мумкин.

Мавзуга оид