Европа Иттифоқи чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари камайди
2024 йилнинг етти ойида Европа Иттифоқи чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш 36 фоизга — 113,4 мингтагача камайган.
Миграция бўйича халқаро ташкилот маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан 12 августга қадар Европа Иттифоқи ҳудудига ноқонуний кириш билан боғлиқ 91 минг 974 та ҳолат қайд этилган — бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 30,6 фоизга кам.
Ўз навбатида ЕИ ташқи чегараларини қўриқлаш бўйича агентликнинг маълум қилишича, 2024 йилнинг етти ойида Европа Иттифоқи чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш 36 фоизга — 113,4 мингтагача камайган. Бу борадаги кўрсаткичлар энг кўп Ғарбий Болқон ва Марказий Ўрта ер денгизи йўналишида қайд этилган — мос равишда 75 фоиз ва 64 фоиз.
Welt am Sonntag газетасининг аниқлик киритишича, юқоридаги кўрсаткичларнинг камайиши Италияга денгиз орқали миграция камайгани билан боғлиқ. Еврокомиссия эса буни назорат органлари фаолияти билан изоҳлади: «Афтидан, бу Ливия ва Тунис ҳукуматлари томонидан миграцияни тартибга солиш ҳамда контрабандага қарши курашиш операциялари ўтказилаётгани билан боғлиқ».
Италия яқинда Шимолий Африканинг ушбу икки давлати билан дипломатик алоқалар ва иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштирган.
Тақиқларни айланиб ўтишнинг янги йўллари пайдо бўлди
Шу билан бирга, Италия йўналишидаги кўрсаткичлар камайиши фонида, бу йил Шимолий Африкадан Атлантика океани бўйлаб Канар ороллари орқали хавфли маршрут билан кириб келиш ҳолатлари кескин ошди (+148 фоиз). Бундан ташқари, шарқий йўналишдаги — Греция ороллари орқали ўтишлар ҳам кўпайган (+57 фоиз).
Ҳуқуқ-тартибот органларнинг саъй-ҳаракатлари фонида тақиқларни айланиб ўтишнинг янги механизмлари пайдо бўлмоқда. Улардан бири ЕИга аъзо давлатлар хавфсизлик органларига тайёрланган махфий ҳисоботда келтирилган. «Июнь ойидан бери Мадрид—Барахас аэропортида ёш мавританияликларнинг бошпана сўраб қилган мурожаатлари сони кескин ошган», — дейилади ҳужжатда.
Таъкидланишича, мавританиялик мигрантлар Касабланкадан (Марокаш) Жанубий Америкага учадиган рейсларга чипталарни брон қилмоқда. Мадридда бошқа самолётга миниш керак бўлганида улар паспортларини йўқ қилиб, бошпана сўрамоқда. 2023 йилда Испаниядан бошпана сўраган мавританияликлар сони 60 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг июнида бу каби 260 та ҳолат қайд этилган.
Мавзуга оид
22:56 / 29.10.2024
Еврокомиссия Хитой электромобилларига 35 фоизгача бож жорий этишни маъқуллади
09:10 / 26.10.2024
Еврокомиссия раҳбари Сербия бош вазири билан учрашувни бекор қилди
22:58 / 25.10.2024
ЕИ ва Хитой электромобилларга жорий этилган божлар масаласига ечим топмоқчи
20:55 / 03.10.2024