Президент шошилинч тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлди
Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона.
Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, илгари ушбу марказ «эски бинода жойлашган эди, бир хонада 4−5 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди». Бино замонавий ускуналар учун мос келмай қолганди, дейилади хабарда.
Жорий йилнинг феврал ойида Нукус шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона бўлди, дея таъкидлади матбуот хизмати.
Давлат раҳбари 19 август куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида бу ердаги шароитлар билан шахсан танишди.
4 қаватли янги бинода шошилинч қабул-диагностика, реанимация, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология, кардиология, гинекология, педиатрия, лаборатория ташхиси ва амалиёт бўлимлари жойлашган. Барча бўлимлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.
130 ўринли янги мажмуада беморлар ва шифокорлар учун барча шароит яратилган. Бир хона икки кишига мўлжалланган, алоҳида санитар хоналари бор, дейилади хабарда.
Марказда беморларни касалликнинг оғирлигига қараб саралайдиган триаж бўлими ҳам мавжуд.
«Мурожаат қилган инсон вақт йўқотиб, сарсон бўлиб юрмайди. Бу ерга шифокорнинг ўзи тушиб, беморни қайси соҳада даволаш зарурлиги бўйича хулоса қилади ва керакли бўлимларга йўналтирилади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Агар бунгача мурожаат қилган беморларнинг аксарияти касалхонага ётқизилган бўлса, энди муайян тиббий муолажалардан сўнг беморнинг аҳволига қараб, яшаш жойи бўйича амбулатор даволанишга рухсат этилади.
Илгари юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар оддий текшириш усуллари билан даволанар эди. Ҳозирда улар ангиографик асбоб-ускуналар орқали текширувдан ўтказилмоқда, натижада бу «инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда яхши самара бериб, ўлим ва ногиронликка олиб келиш ҳолатлари кескин камайди.
Бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда шу ернинг ўзида ўтказилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистонда илк маротаба сунъий қон айланиш аппарати орқали беш нафар беморнинг юрагида очиқ жарроҳлик амалиёти олиб борилди.
Марказ касалликларни эрта ташхислаш учун мультиспирал компьютер томографияси, ультратовуш текшируви ва лаборатория ускуналари билан ҳам жиҳозланган.
Давлат раҳбари шифохонани самарали бошқариш, амалиёт ва кадрлар тайёрлаш ўртасидаги боғлиқлик масалаларига эътибор қаратди.
«Янги бино ва ускуналар ишнинг бир қисми. Энди марказ фаолиятига замонавий менежментни жорий қилиш керак. Тиббиёти ривожланган мамлакатлардан тажрибали шифокорларни муддатли жалб этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш мақсадга мувофиқ. Умуман, бу марказ илмий-амалий тиббиёт академиясидек фаолият юритиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг фикрича, туман тиббиёт бирлашмаларидаги шифокорлар ўз ихтисослиги бўйича бу ерда малака ошириб, ҳудудларда жорий этиши муҳим.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда 2017−2024 йилларда «Бир қадам» тамойили бўйича 74 оилавий врачлик пункти, 81 оилавий поликлиника, 92 маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган. Ихтисослаштирилган марказларнинг ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технология жорий этилган.
Ҳар йили 4500 нафар бемор Тошкентга ва хорижга сафар қилмасдан юқори технологияли ёрдам олади. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, ҳар йили 11 минг беморга шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мавзуга оид
10:30
Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда пиёда вафот этди
18:32 / 28.10.2024
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига янги ўринбосар тайинланди
21:17 / 25.10.2024
Қўнғирот–Бейнеу йўлининг 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди
12:10 / 25.10.2024