БМТ: Гуманитар ходимларга нисбатан зўравонлик авжига чиқди
2023 йилда 33 мамлакатда 280 нафар гуманитар ходим ўлдирилган. 2024 йил 7 августга қадар йил бошидан – 172 киши. «Буни тўхтатиш керак», дея талаб қилди БМТ.
Бутунжаҳон ташкилотига кўра, 2023 йил бутун дунё бўйлаб гуманитар ходимлар учун энг ҳалокатли йил бўлди. Бироқ, 2024 йил бу борада янада ёмонроқ бўлиши мумкин. 19 август, душанба куни Женевада БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси хабар беришича, ўтган йили 33 давлатда 280 нафар гуманитар ходим ўлдирилган.
Уларнинг ярмидан кўпи Ғазо секторида ҳаётдан кўз юмган, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш Яқин Шарқ агентлиги кўп сонли ходимлари ҳалок бўлган. 2023 ва 2024 йилларда ўлдирилган гуманитар ходимлар сони айниқса юқори бўлган бошқа минтақалар Судан ва Жанубий Судан бўлди.
2024 йилнинг 7 августига келиб, БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳалок бўлган гуманитар ходимлар сони 172 кишига етди.
«Ҳужумлар тўхтатилиши керак»
«Бундай статистикани юритиш бошланганидан бери ҳеч қачон бир йилда ҳалок бўлган гуманитар ходимлар сони бунчалик кўп бўлмаган», - дея таъкидлайди БМТ. «Қуролли можароларнинг боришини тартибга солувчи ва улар оқибатларини чеклаши керак бўлган умумэътироф этилган халқаро қонунларга қарамай, бу қонунларнинг бузилиши тўхтамаяпти, назоратсиз қолмоқда ва тинч аҳоли, жумладан, гуманитар ёрдам ходимлари бунинг учун даҳшатли бадал тўлашда давом этмоқда, - дея таъкидлайди ташкилот. - Гуманитар ходимлар ва гуманитар объектларга ҳужумлар тўхтатилиши керак».
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок гуманитар ташкилотлар вакилларига нисбатан зўравонликни кескин қоралади. Дунё бўйлаб 363 миллионга яқин аёллар, эркаклар ва болалар инсонпарварлик ёрдамига боғлиқ, бу дунёдаги ҳар 22 кишидан бири дегани, дея эслади у. «Уларнинг кўпчилиги учун гуманитар ташкилотлар ходимлари кўпинча охирги умид бўлади, - деди вазир 19 август куни эълон қилган баёнотида. - Улар катта хавф остида қолган ҳолда бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун энг узоқ ва хавфли жойларга борадилар».
Мавзуга оид
21:30 / 23.11.2024
COP29: Бой давлатлар иқлимни молиялаштиришни оширишга рози бўлди
17:39 / 23.11.2024
2024 йилда гуманитар ёрдам ходимлари ўлими бўйича рекорд ўрнатилди – БМТ
07:50 / 22.11.2024
БМТ РФнинг Днипрога баллистик ракета зарбасидан хавотирда
15:22 / 21.11.2024