Ўзбекистон | 18:39 / 20.08.2024
4595
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аэропортларида маймунчечакнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда

Санитария-карантин хизмати томонидан аэропортларда ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон аэропортларида маймунчечак касаллигининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу касалликнинг янги штамми асосан Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри рейслар орқали боғлиқ бўлмаган Африка мамлакатларида тарқалмоқда. Аммо шунга қарамай, аэропортларда ушбу касалликнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, фуқаро авиацияси объектларининг Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази билан биргаликда аэропортлар тиббиёт ходимлари учун маймунчечак касаллигининг этиологияси, клиник кўриниши, эпидемиологияси, диагностикаси ва олдини олиш бўйича семинарлар ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, республиканинг барча халқаро аэропортларида маймунчечак касаллигининг олдини олишга қаратилган санитария-тарғибот ишлари кучайтирилган.

Хусусан, аэропорт ходимларига ушбу касаллик ҳақида соддалаштирилган шаклда маълумот берилади ва баъзи аломатлар визуал тарзда қандай намоён бўлиши тушунтирилади. Бундан ташқари, санитария-карантин хизмати томонидан аэропортларда ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилади.

Олдинроқ Санэпидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов маймунчечакнинг Ўзбекистонга кириб келмаслиги учун қатъий чоралар кўрилаётганини маълум қилиб, хорижий давлатдан қайтган фуқаролар соғлиғида ўзгариш сезса, ташхислаш учун шифокорга боришини тавсия қилганди.

Мавзуга оид