Жаҳон | 13:31 / 20.08.2024
4058
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Украина Курск вилоятида буфер зона яратмоқда

Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужумидан мақсад - «агрессор ҳудудида буфер зона яратиш», деди Украина президенти Володимир Зеленский.

Фото: Yan Dobronosov/AFP

Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужум операцияси асосий мақсадини Россия кейинги ҳужумлари олдини олиш учун «буфер зона яратиш» деб атади.

«Мудофаа ҳаракатларимизнинг асосий вазифаси - имкон қадар кўпроқ Россия салоҳиятини, уруш салоҳиятини йўқ қилиш ва максимал қарши ҳужумни амалга ошириш. Хусусан, агрессор ҳудудида буфер зонани яратиш - Курскдаги операциямиз мақсади», деди у 18 август куни кечки мурожаатида

Ҳозирда энг шиддатли жанглар кетаётган Торецкдаги фронт ва Покровский йўналишидаги вазиятни шарҳлар экан, Украина президенти кун давомида Россия ҳарбийлари ўнлаб ҳужумларни амалга оширганини, бироқ Украина Қуролли кучлари «ўз позицияларини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилаётганини» таъкидлади. «Буни таъминлаган барчага раҳмат айтаман, бугун биз Торецк яқинида рус техникасини йўқ қилишда яхши натижаларга эришдик», — дея қўшимча қилди Зеленский.

У Ғарб етакчиларига алоҳида мурожаат қилиб, уларни Украинага янги ҳарбий ёрдам етказишни тезлаштиришга чақирди. «Уруш учун таътил йўқ, эълон қилинган пакетларни ўз вақтида таъминлаш керак», деди Украина президенти. 

Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми 

Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги кенг кўламли ҳужум операцияси 6 августдан бери давом этмоқда. Бу Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши 2022 йил февралида бошланганидан бери бундай турдаги биринчи ҳужумдир.

9 август куни Россия ҳукумати Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида «аксилтеррор операцияси режими»ни жорий қилди. 12 август куни Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов жанговар ҳудуддан 120 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинганини билдирди ва Украина Қуролли кучлари минтақадаги 28 аҳоли пункти устидан назорат ўрнатганини тан олди.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийнинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар Курск вилоятидаги 1150 квадрат километр майдондаги 80 дан ортиқ аҳоли пунктларини ўз назоратига олган ва Россия ҳудудига 35 км чуқурликда кириб борган.

Мавзуга оид