Ўзбекистон | 17:11 / 22.08.2024
4477
4 дақиқада ўқилади

Депутатлар “Давлат сирлари тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилди

Ҳужжат лойиҳаси парламентга келиб тушгани, кўриб чиқилаётгани, қабул қилингани ва Сенатга юборилгани ҳақида жамоатчилик хабардор бўлмаган. Палата матбуот хизматининг Kun.uz'га изоҳлашича, лойиҳа палата кенгашининг қарори билан жонли эфирдан ташқарида, алоҳида мажлисда кўриб чиқилиб, қабул қилинган.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 август кунги ялпи мажлисида “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилган.

Эътиборлиси, бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар бермаган. Ялпи мажлиснинг YouTube'даги эфиридан ҳам бу қонун муҳокамаси ўрин олмаган. Шундай қонун қабул қилингани ҳақида “Халқ сўзи” газетасининг 21 август кунги сонида икки оғиз сўз кетган, холос.

Хабарда ёзилишича, “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, махфийлик даражалари, маълумотларни махфийлаштириш муддатлари, давлат сирларидан фойдаланишга рухсатнома бериш каби масалалар белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан давлат сирларига киритилган маълумотларнинг 4 та тоифадан иборат чегараланган рўйхати тасдиқланмоқда. Махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати белгиланмоқда. Унга кўра, фавқулодда вазиятлар, жиноятчилик ҳолати, инсон ҳуқуклари бузилиши ва шу каби бошқа маълумотлар махфийлаштирилиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, давлат сирларига доир қонун лойиҳаси 20 август куни палата кенгашининг қарори билан жонли эфирдан ташқарида, алоҳида мажлисда кўриб чиқиб, қабул қилинган. Нима учун бундай қилинганига изоҳ берилмади. Шунингдек, қуйи палата матбуот хизмати бу ҳақдаги расмий хабар палата расмий сайтига жойланганини билдирди, лекин бу хабар, шу куни кўрилган бошқа қонунлар ҳақидаги хабарлардан фарқли равишда, Қонунчилик палатасининг Telegram-каналига жойланмаган.

Маълумот учун, амалдаги “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун 1993 йилда қабул қилинган. Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил июлдаги очиқликка доир фармонида келтирилган. Унга кўра, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида” қонун лойиҳаси 2021 йил августигача ишлаб чиқилиши лозим эди.

Лекин, ҳужжат шу кунга қадар жамоатчилик учун очиқланмади. 2021 йил декабр ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов “бир ёки иккита идоранинг қонун лойиҳалари бўйича эътирозлари борлиги учун қолиб кетаётгани”, эътирозлар бартараф этилгач, лойиҳалар, албатта жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини айтган эди.

Амалда эса “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқиш жараёнида ҳам, Қонунчилик палатасида муҳокамаси давомида ҳам жамоатчилик учун очиқланмади.

Юқорида эслаб ўтилган президент фармонига кўра, қонунда қуйидагилар назарда тутилиши керак:

  • чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;
  • чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;
  • фуқаролар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартиблари;
  • ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.

Мавзуга оид