Жаҳон | 12:05 / 22.08.2024
5106
4 дақиқада ўқилади

Олаф Шолц Украинанинг Курск вилоятидаги амалиётига изоҳ берди

Германия канцлери Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиёти макон ва вақт нуқтайи назаридан «чекланган» бўлади, деб ҳисоблайди.

Фото: AP / picture alliance

Украина қўшинларининг Курск вилоятида олдинга силжиши кенг тарқалмайди, дейди Германия канцлери Олаф Шолц 21 август, чоршанба куни Молдовага ташрифи чоғида «Бу макон ва эҳтимол вақт жиҳатидан жуда чекланган операция», деди канцлер. У, айниқса, Киев Берлин билан ҳеч қандай тарзда маслаҳатлашмаган ҳолда, Курск вилоятида ҳужумга тайёрланганини алоҳида таъкидлади.

Шолц: Германия керак бўлгунча Украинани қўллаб-қувватлайди

Шу билан бирга, канцлер Германия зарур бўлган вақт давомида Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ва Берлин «Украинанинг Европадаги энг йирик ёрдамчиси» бўлиб қолишига ваъда берди. Шолц фикрича, фақат АҚШ йирик давлат сифатида Киев учун Германиядан кўра кўпроқ нарсани қила олади. 

Шу билан бирга, у 2025 йилда Германия Киевга ёрдам бериш учун атиги 4 миллиард евро ажратишини тасдиқлади, 2024 йилда бу кўрсаткич 7 миллиарддан ошади. Бу «бир қанча бошқа йирик Европа мамлакатлари тақдим этганидан кўпдир», деди Шолц. Унинг тушунтиришича, Киевга «Еттилик гуруҳи» (G7) давлатлари томонидан аввал келишиб олинган 50 миллиард доллар миқдоридаги кредитни ҳисобга олган ҳолда, Украина унга илгари мавжуд бўлганидан кўпроқ маблағ олиши мумкин бўлади. 

Молдова президенти Майя Санду, ўз навбатида, Киев иттифоқчиларидан олаётган ёрдам унга мамлакатни ҳимоя қилишга ёрдам беришини таъкидлади.

Германия Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини чеклашни режалаштирмоқда

Киевга ҳарбий ёрдамни давом эттириш ҳақидаги мунозаралар Берлиннинг 2025 йилдаёқ унинг ҳажмини камайтириш режалари фонида давом этмоқда. Frankfurter Allgemeine Sonntagszeitung (FAS) газетаси 17 август куни Германия ҳукумати Украинага яқин келажакда қўшимча молиявий ёрдам бермоқчи эмаслигини ёзди. FAS ички ҳукумат ҳужжатлари ва ўз манбаларидан аниқлашича, Киевга фақат илгари маъқулланган ёрдам кўрсатилади, канцлер Олаф Шолцнинг илтимосига биноан Германия Мудофаа вазирлигининг бошқа сўровлари тасдиқланмайди. FAS маълумотларига кўра, бу ҳақда Германия молия вазири Кристиан Линднернинг 5 августда мудофаа вазири Борис Писториусга йўллаган мактубида айтилган.

Агар 2024 йилда Германия бюджети Украинага ёрдам бериш учун 8 миллиард еврони ўз ичига олган бўлса, 2025 йил учун режалаштирилган лимит атиги 4 миллиардни ташкил этади. 

Кейинроқ Германия канцлери Олаф Шолц Украинага ҳарбий ёрдам қисқариши мумкинлиги ҳақидаги иддаоларни рад этди. Sat.1 телеканалига берган интервюсида Шолц Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлаш борасидаги позициясида «мутлақо беқарорлик йўқлигини ва бу борадаги муҳокамалардан ҳайратда эканлиги»ни айтди. 

Бундан ташқари, G7 қарорига кўра, Украина 50 миллиард евро миқдорида кредит олади, унинг фоизлари Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан қопланади. Бу маблағлар Киевга мудофаа учун зарур бўлган қуролларни сотиб олиш имконини беради, деди Шолц. Бу механизм халқаро даражада ҳали келишилмаган. Бироқ, Германия канцлери таклиф қилинган схемада «мутлақо ноаниқ нарса» йўқ, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид