Иқтисодиёт | 10:50 / 22.08.2024
1718
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Саудияга экспорти кўпайтирилади

Ўзбекистон элчиси Нодир Турғунов Саудия Арабистони атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазири Абдулраҳмон бин Абдулмўҳсин Ал-Фадли билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу мамлакатнинг етакчи қишлоқ хўжалиги компанияларини мамлакатимиздаги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар Саудия компанияларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги замонавий технологияларини Ўзбекистонга олиб кириш, мамлакатда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, миллий маҳсулотлар экспорт номенклатурасини кенгайтириш, ўзбек тадбиркорлари ва фермерлари томонидан етиштириладиган ҳўл ва қуритилган мевалар, асал ва бошқа турдаги маҳсулотларни Саудия бозорига олиб кириш мақсадида Ар-Риёд шаҳрида 21-24 октябр кунлари ўтказиладиган Saudi Agriculture 2024 кўргазмасида уларнинг иштирокини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
 
Учрашув якунида томонлар мазкур жабҳада икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва савдо ҳажмини оширишга қаратилган аниқ қадамларни белгилаш бўйича келишувга эришдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид