Жаҳон | 11:11 / 22.08.2024
1580
2 дақиқада ўқилади

Швейцария Россияга қарши 14-санкция пакетига қўшилди

Аввалроқ Швейцария 69 киши ва 47 ташкилотни санкциялар рўйхатига киритган эди. Янги чора-тадбирлар орасида рус олмослари савдосига қўйилган тақиқларни аниқлаштириш бор.

Фото: iStock.com / Carmen Raio

Швейцария федерал кенгаши Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 14-пакетига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди. Тегишли баёнот 21 август, чоршанба куни Швейцария ҳукумати сайтида пайдо бўлди. Чекловлар 27 августдан кучга киради. 

Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий ҳужумига жавобан Россия Федерациясига қарши 14-санкция пакети 24 июн куни Европа Иттифоқи томонидан ниҳоят тасдиқланди. Бу, хусусан, Россиянинг суюлтирилган газ саноатига қарши чоралар ва Европа компанияларининг учинчи мамлакатлардаги шуъба корхоналари томонидан санкцияларни четлаб ўтишни ўз ичига олади. Чекловлар, шунингдек, Россия Федерациясининг 116 жисмоний ва юридик шахсларини, жумладан қўшиқчи Ярослав Дронов (Shaman), актёр Иван Охлобистин, «Уральские авиалинии» ва Қримда жойлашган «Артек» халқаро болалар марказини ўз ичига олди. 

Аввалроқ, 9 июл куни Швейцария 69 киши ва 47 ташкилотни санкциялар рўйхатига киритган эди. Швейцария компанияларининг Россия Федерациясидаги фаолиятини қонуний равишда тўхтатиш мақсадида Россия олмослари савдосига қўйилган тақиқларга аниқлик киритиш ва Россиядан инвестицияларни олиб чиқиш учун рухсатномаларни бериш муддатларини узайтириш янги чоралар рўйхатига киритилган.

Мавзуга оид