Ўзбекистон | 22:20 / 23.08.2024
2899
6 дақиқада ўқилади

23 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Озарбойжон билан иттифоқчилик шартномаси, ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ ўзгаришлар, электр ва газ ишлаб чиқариш қисқариши ва пора билан қўлга олинган Балиқчи туман ҳокими ўринбосари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Озарбойжон президентининг ташрифи

Бугун, 23 август куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Озарбойжон президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари янгради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказди.

Мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Мирзиёев Озарбойжон президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик”, — деган Шавкат Мирзиёев.

Ташриф арафасида бўлиб ўтган бизнес форуми якунлари мамнуният билан қайд этилди: умумий қиймати 2 млрд доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Президентларнинг фармонлари билан таниқли маданият арбоблари Фаррух Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлига “Халқ артисти” унвонлари берилгани мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Озарбойжон билан иттифоқчилик шартномаси

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Тошкентда «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида»ги шартномани имзолади.

Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси қарорини қабул қилди.

Давлат раҳбарлари ҳузурида яна ўндан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.

Ташриф доирасида Тошкент ва Боку, Шаҳрисабз ва Байлаган, Жиззах ва Губа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар ва бошқа икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Ичимлик сув таъминотида ўзгаришлар

Ҳукуматнинг “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, янги қурилаётган кўп квартирали уйларнинг совуқ сув ҳисоблагичлари квартира ташқарисида (зинапоялар, ертўлалар ва бошқа қисмида) ўрнатилган ҳолатларда ҳисоблагич ва пломбаларни сақлаш бўйича жавобгарлик ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш марказлаштирилган тизимларидан фойдаланиш соҳасида сув қувурлари — канализация хўжалиги ташкилотлари зиммасига юкланади;

Энди олдиндан тўлов қилинганда тариф ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод бўлиш муддати 2 ойни ташкил этади. Аввал бу муддат бир йил эди.

Электр ва газ ишлаб чиқариш қисқарган

2024 йилнинг 7 ойида газ қазиб олиш 4,8 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш 5,5 фоизга, нефт қазиб олиш эса 6,8 фоизга қисқарган.

Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 7 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 26,15 млрд метр кубни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,31 млрд метр куб ёки 4,8 фоизга қисқарган.

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 4 фоизга, 2023 йилда эса 9,6 фоизга қисқарган эди.

Январ-июл ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга ёки 2,48 млрд kWh’га камайган. Хусусан, 2023 йилнинг 7 ойида 45,29 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 42,80 млрд kWh’гача пасайган.

Ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 456 минг тоннадан 425 минг тоннага камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 707 минг тоннадан 726 минг тоннага ошган.

Ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди

Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари ДХХ ва департамент ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди.

Аввал уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси ва МЧЖлардан бирининг ходими ҳокимлик захирасида бўлган 3,75 гектар ернинг 1,75 гектарини “E-auksion” орқали арзон нархда олиб бериш, қолган 2 гектарини эса 2019 йилдаги сана билан туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган.

Терговга қадар текширув давомида улар ушбу масалани туман ҳокимининг ўринбосари орқали ҳал этишлари аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилган ва ҳоким ўринбосари 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳоким ўринбосари ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси судгача қамоққа олинган.

Мавзуга оид