Жамият | 20:55 / 23.08.2024
6913
5 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг қоқ марказидан мурожаат: Ёш болаларимиз бор, қачонгача иссиқ сувсиз ўтирамиз?

Навоий шоҳкўчасида, ҳар бири 40 та хонадондан иборат 6 та уй аҳолиси салкам 2 ойдан бери иссиқ сувсиз яшаяпти. Аввалги ширкатнинг қарздорлиги сабаб қозонхона газдан узилган. “Ҳудудгазтаъминот” пул тўланмагунча, газ берилмаслигини билдирди. Вақтида тўлов қилувчи фуқаролар эса бундан норози.

Фото: Yandex Maps

Kun.uz'га Шайхонтоҳур тумани Навоий шоҳкўчаси Ўқчи маҳалласида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Улар салкам 2 ойдирки, иссиқ сувсиз яшаб келмоқда.

Одамларнинг айтишича, мурожаат қилмаган жойлари қолмаган. Иссиқ сув таъминоти умумий иситиш тизимига уланган бўлиб, июл ойи бошида газни ўчиришгани сабаб таъминот ҳам тўхтаган.

Бундан олдин ҳам тез-тез ўчириб туришарди, айниқса қишнинг совуғида. Энди охирида аҳолининг сабри қолмади, тахминан 2 ой бўлиб қолди, ҳалигача на тушунтириш беришяпти, на сабабини айтишяпти.

Яқинда уйимиз пастидаги нотурар жойларнинг газдан ва мол-мулк солиғидан катта миқдорда қарзи сабаб деб айтишди. Нотурар жойларнинг қарзи бўлса, биз турар жойдаги аҳоли нега қийналишимиз, ойлаб иссиқ сувсиз ўтиришимиз керак? Агар аҳолининг ҳам қарзи бўлса, нега бошқа интизомли солиқ тўловчилар жабр чекиши керак? Нега ҳар бир қарздор билан турарми, нотурарми алоҳида шуғулланишмайди? Нега икки ой сукутда иссиқ сувни ўчириб бемалол ўтиришади? Оддийгина тушунтириш ёки огоҳлантиришни ҳам эп кўришмаяпти”,– дейди шахсини ошкор қилишни истамаган фуқаро.

Яна бир яшовчига кўра, уйларнинг ширкати 2-3 маротаба алмашган. Аввалги ширкат раҳбарлари нотўғри иш олиб боргани сабаб уларга нисбатан жиноят иши очилган, дейди у.

Хонадон эгалари ўз вақтида тўлашган, аммо “ЖЭК”, яъни бошқарув сервис компанияси томонидан керакли ташкилотларга йўналтирилмаган. Билишимча, ҳозирги кунда ташкилот раҳбари қўлга олинган”, – дейди фуқаро.

Ҳозирда бошқарув “Обод турмуш ҳамкор” МЧЖга ўтган.

Ҳаммаси ўзларидан олдингиларга айбни тўнкашади, ҳозирги уй-жой мулкдорлар ширкати эса баъзида пастки қаватдаги тижорий ижарачиларни: банклар, сартарошхона, дўконларни айтишади, уларнинг қарздорлиги сабаб деб эртасига ўзларидан олдинги ширкатни айбдор қилишади. Ҳамма жойда ҳар хил гап юрибди. Икки нафар ёш фарзандим бор, уларнинг тагликларини алмаштиришга, чўмилтиришга қийналяпмиз”, – дейди яна бир яшовчи.

2-3 ой вақт беришса, тўлаб беришимиз мумкин” – БСК

Вазият юзасидан “Обод турмуш ҳамкор” МЧЖ вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, компания марказий қозонхонанинг газдан узилгани сабаб хонадонларга иссиқ сув етказиб беролмаяпти.

Биз [шу йил] 1 июлдан бошлаб биллинг тизими орқали бу уйларни олдик, бошқарув сервис компаниямизга бириктирилди. Олдин бу хонадонлар “Қурувчи обод уй сервис” ва "Ободли уй коммуналчи” БСКларда бўлган, ҳозир шунинг бир раҳбари қамалган, иккинчиси яқинда Россиядан тутиб олиб келинди, ҳозирда тергов жараёни кетяпти.

Олдинги ширкатнинг 1 млрд сўмдан ортиқ қарздорлиги бўлган, аҳолининг тўловлари олиниб, пул тўғри йўналтирилмаган. Биз яқинда шу уйларни олган бўлсак, асосий қарздорлигимиз 342 млн сўмни ташкил қилади. Ҳар битта уйдан 20 тадан ортиқ хонадоннинг қарзи бор, ҳаммага огоҳлантириш тарқатганмиз. Шу кунга келиб бизнинг БСК аҳолидан пул йиғиб, 85 млн сўм қарздорликни сўндирди. Лекин 1 млрд сўмни олиб чиқолмаймиз.

Айни вақт Республика "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан марказлаштирилган котёлга келадиган газ узиб кетилган. Биз АЖга мурожаат қилдик, ёқиб беролишмаслигини айтишяпти. “Обод турмуш ҳамкор” БСК номидан ариза ёздик, 2-3 ойда қарздорликни сўндириб беришимизни, газни ёқиб беришларини сўрадик, лекин 1 млрд сўмни тўлашимизни айтишяпти”, – дейди компания ҳисобчиси Дилфуза Аҳмедхўжаева.

Қарз қачон ёпилиши номаълум, унгача одамлар газсиз ўтираверадими?

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизматига кўра, қарздорлик ёпилмагунча марказий таъминот учун газ берилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 319-сон қарори 2-илова 3-боб 10-бандига кўра, газ таъминоти ташкилоти олдиндан тўловни амалга оширмаган ҳамда истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлган ҳолларда истеъмолчиларнинг газ таъминотини тўхтатишга мажбур. Қарздорлик сўндирилгандан кейин истеъмолчи тармоққа қайта уланади”, – дейилади расмий изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, кўп қаватли уйларнинг бошқарув компанияларга берилиши 2020 йилда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 110 та уйда қонунчиликда белгиланган тартибда бошланган эди.

Бу тажриба 2021 йилда барча вилоят марказлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида давом эттирилиб, 15 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

2022 йилдан бошлаб бу тизим республика бўйича кенг миқёсда жорий этилиши бошланган. Шу йил январ ойида ўтган йиғилишда бошқарув компанияларининг фаолияти қониқарсиз экани, 20 мингта кўп қаватли уйлар аҳолиси уларнинг ишидан норозилиги билдирилганди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид