Жаҳон | 18:51 / 24.08.2024
12526
2 дақиқада ўқилади

Украина ва Россия ўртасида асирлар алмашинуви бўлиб ўтди. Нималар маълум?

Украинанинг Курск областига ҳужумидан сўнг томонлар илк марта асирлар алмашмоқда. БАА воситачилик қилган 115=115 форматидаги алмашинувда Россияга Курскда асирга тушиб қолган муддатли ҳарбий хизматчилар қайтарилган бўлса, Украинага Миллий гвардия ва Ҳарбий-денгиз кучлари ҳарбийлари топширилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 24 август куни Украина билан ҳарбий асирлар алмашинуви бўлди. Вазирлик Курск областида асирга тушиб қолган 115 нафар россиялик ҳарбийлар қайтарилганини таъкидлаган. Украинага ҳам шунча ҳарбий асирлар қайтарилган.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги видеосидан кадр

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан 115=115 форматида асирлар алмашинуви бўлиб ўтганини тасдиқлади. Украинага Миллий гвардия, Қуролли Кучлар, Ҳарбий-денгиз кучлари ва Давлат чегара хизмати ҳарбийларидан ташкил топган асирлар қайтарилган.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Россия Мудофаа вазирлиги асирлар алмашинуви Бирлашган Араб амирлиги воситачилигида амалга оширилганини билдирди. Ҳозирги вақтда россиялик аскарлар Белорус ҳудудида бўлиб турибди, улар реабилитация ва даволанишлардан сўнг Россияга олиб борилади.

Ҳарбий мухбир Семен Пегов Россияга қайтарилган ҳарбийлар муддатли хизматни ўтаётган ёш аскарлар эканини таъкидлаган. Мудофаа вазирлиги бу ҳақда маълумот бермаган, кейинроқ Россия Омбудсмани Татяна Москалкова қайтарилган ҳарбий асирлар муддатли хизматдаги ёш аскарлар эканини тасдиқлади.

Meduza нашрига кўра, бу Украина Курск областига бостириб кирганидан буён икки мамлакат ўртасида илк асирлар алмашинуви ҳисобланади. Курскка ҳужум бошланган илк кунларда юзлаб россиялик ҳарбийлар асирга тушгани хабар берилган эди.

Хусусан, ББC рус хизмати Украинанинг Курскка юришидан сўнг камида 81 нафар муддатли ҳарбий хизматчилар яқинлари билан алоқага чиқмай қўйгани, 40 га яқин аскарлар асирликка тушгани ҳақида ёзган эди.

6 август тонгида Украина қўшинлари Суми вилоятидан Россиянинг Курск вилоятига кириб келди. Натижада Россия-Украина урушида янги фронт очилди, шунингдек, бу II жаҳон урушидан кейин Россия ҳудудига илк марта хорижий аскарлар кириши бўлди.

Мавзуга оид