Жамият | 15:19 / 25.08.2024
10266
11 дақиқада ўқилади

Бола мактабга неча ёшдан чиқиши керак ва нега? — мутахассислар фикри

Дунёдаги аксарият мамлакатларда болалар 6 ёшдан мактабга чиқади. Таълим бўйича мутахассис Шокир Турсунга кўра, Ўзбекистон болаларини ҳам ўрта таълимга 7 ёшдан олдинроқ бериш мумкин, лекин бунинг учун ресурслар етишмовчилиги бор. Психолог Розалия Габулҳакова мактабга кўникиб кетиш 6 ёшли болаларда қийинроқ кечишини айтди.

The Global Economy маълумотларига кўра, дунёдаги 33 та давлатда болаларнинг мактабга чиқиши 7 ёшдан, 138 та давлатда эса 6 ёшдан бошланади. 23 та мамлакатда эса болалар 5 ёшдан мактабга чиқишади. Масалан, Хитой, Канада, Германия, Япония болалари 6 ёшдан, Буюк Британия, Австралия ва янги зеландиялик болалар эса 5 ёшдан мактабга қадам қўяди.

Финландия, Россия ва бир қанча МДҲ давлатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам болаларнинг мактабга чиқиши 7 ёшдан этиб белгиланган. Хўш, гаджетлар, сунъий интеллект асрида фарзандларнинг ривожланган мамлакат ўқувчиларига нисбатан кечроқ ўрта таълим билан қамраб олиниши қанчалик тўғри? Ўзи аслида болани неча ёшдан мактабга бериш керак? Kun.uz бу борада мутахассисларнинг фикрига қизиқди.

Бола мактабга қачон тайёр бўлади?

Таълим бўйича эксперт, ўқитувчи Шокир Турсуннинг қайд этишича, бу борада боланинг 3 та жиҳатдан тайёр бўлгани инобатга олиниши лозим.

“Болаларни неча ёшдан мактабга бериш керак деган масала кўтарилганда, турли тадқиқотлар қилинади. Масалан, болаларнинг ижтимоий муносабатларга киришишга тайёргарлиги неча ёшдан бўлади, яъни синф, гуруҳ ўлароқ қайси ёшда тайёр бўлиши инобатга олинади. Аксарият ҳолларда 5 ёш деб кўрсатилади. Шу ёшдан бошлаб болаларни гуруҳли машғулотларга, ижтимоий муносабатларга киришишга жалб қилиш мумкин. Бунга психологик жиҳатдан тайёр деб ҳисобланади.

Энди интеллектуал тайёргарлик бор. Яъни мактабдаги барибир таълим жараёни академик жараён ҳисобланади. Бола шунга 6 ёшдан тайёр ҳисобланади. 5 Ёшда академик жараёнларга тайёр бўла олмайди. Шунинг учун баъзи бир давлатлар болани 5 ёшдан жалб қилса ҳам худди биздаги боғча тизимидек ўқитишади. Яъни ўйинлар ўйнаш, ҳарфларни ёдлатиш, сўзларни ўқитиш, математик амаллардан четга чиқмайди. 6 ёшдан бошлаб ўқитадиган давлатлар ҳам биз 1-синфда берадиган академик даражадан пастроқда бўлишади. Аниқроқ айтсам, улар бу вақтда болани юқорироқ академик жараёнга мослаштириш билан банд бўлишади. Шунинг учун 6 ёшдан олиб 12 йил ўқитиш деган масалалар Европда анча жадаллашган, ривожланган.

Болаларнинг руҳий ва ижтимоий тайёргарлигидан ташқари, жисмоний тайёргарлиги ҳам ҳисобга олинади. Мактабдаги босим даражасига қараб бола 6-7 ёшдан жисмоний жиҳатдан тайёр бўлади”, – дейди у.

“Ўзбекистон яқин 10 йил ичида мактаб ёшини қисқартириш имконига эга эмас”

Шокир Турсун Ўзбекистондаги тажриба ҳақида гапираркан, айни масалада тадқиқот ва ўрганишлар қилиниши кераклиги, яқин йилларда мактаблар 7 ёшдан кичик болаларни қабул қила олмаслигини айтди.

“Тадқиқотларга кўра, анча йиллар олдин юқоридаги 3 та жиҳатдан келиб чиқиб 7 ёш деб белгиланган. Бугунги кун ўзбек боласи бўйича тадқиқот қилингани борасида менда маълумот йўқ. Буни ҳам ўрганиб кўриш керак, агар болалар эртароқ тайёр бўлаётган бўлса, уларни эртароқ таълимга жалб қилиш мумкин.

Лекин Ўзбекистон яқин 10 йил ичида мактаб ёшини қисқартириш имконига эга эмас. Чунки мактаб ёшини пасайтирган йилимизда режамиздагидан деярли 2 баробар кўпроқ ўқувчини қабул қилишимизга тўғри келади. Яъни ҳам 7 ёш, ҳам 6 ёшлиларни олишга тўғри келади. Бу ўз-ўзидан мактабларга катта босим бўлади. Мактабларимизнинг сиғими бунга тайёр эмас. Ўқитувчиларнинг сони ҳам етмайди, бюджет ҳам бунга тайёр эмас. Яъни мактабларни қўшимча жиҳозлаш, тайёрлаш, педагогларни жалб қилиш, айрим ҳудудларда таълим муассасасини кенгайтириш зарурати юзага келади. Мана шу масалаларни ҳисобга олсак, яқин 10 йил ичида Ўзбекистон мактабга чиқиш ёшини қисқартира олмайди. Агар Ўзбекистон шу ҳақда ўйлаётган бўлса ҳам, яқин 1-2 йил ичида амалга оширишга қийналади.

Мактабларни кўпайтириб, ўқувчилар сиғимига мослаб олгандан кейин бу масалани ўртага олиб чиқиб, муҳокама қилиш мумкиндир. Лекин барибир бу борада тадқиқот олиб борилиши керак. Ҳозирга келиб боланинг психологик, физиологик, ижтимоий ва когнитив тайёргарлиги анча ўзгарган, шу сабабли болаларни 6 ёшдан бемалол академик жараёнга жалб қилиш мумкин деб ўйлайман. Аммо бунда ҳам босимни қаттиқ назорат қилиш ва ўқув дастурларини қайтадан кўриб чиқиш керак”, – деди у.

Боланинг психологик тайёрлиги нега муҳим?

Психолог Розалия Габдулҳакованинг айтишича, болалар нечта ёшдан мактабга боради деган саволга жавоб топишдан аввал, уларни қайси мактабга бериш кераклигини аниқлаб олиш лозим. “Чунки Ўзбекистондаги мактаблар бошқа давлатларникидан фарқ қилади”, – дейди у.

“Биринчидан, мактабдаги шароитлар. Масалан, Буюк Британияда болалар мактабга 5 ёшдан боришади. Лекин у дарслар билан, бизникининг фарқи катта. Баҳолаш тизими ҳам бошқача. Британийда бошланғич синфларда ҳар кунлик баҳолар қўйилмайди. Бундан ташқари, синфдаги шароит ҳам бошқачароқ. Мисол учун, болалар гилам устида, ерда ўтириб ҳам дарслар ўтишлари мумкин, ўқитувчининг дарс ўтиш услуби ҳам бизникидан фарқ қилади.

Қўшни мамлакатлардан бири, жумладан Қозоғистонда ҳам 6 ёшдан мактаб бошланаркан. Лекин яна таъкидлаб ўтишимиз керак бўлган нарса бу – мактабдаги болалар сони. Бизда болалар сони 40 нафарга яқин бўлади, шунинг учун ҳам ўқитувчининг яхши дарс ўтишига болаларнинг хулқи, психологик мактабга тайёргарлигига қаттиқ таъсир қилади. Масалан, бизнинг мактабларда ўқитувчилар асосан инструктор вазифасини бажаради, яъни ўқувчиларга маълум бир буйруқлар берилади, топшириқлар тушунтирилади, ўқувчи эса буюрилган ишни бажариши керак. Бундай ҳолатларда боланинг психологик тайёргарлиги жуда ҳам муҳим.

Болалар нимани билиши керак? Биринчи навбатда улар 15 дақиқадан кўп бир жойда ўтира олиши керак ва ўтириши уларнинг қўрққани сабабли эмас, балки ўрганаётган нарсасига қизиққани сабаби билан бўлиши керак. Акс ҳолда эса таълим инқирозга учрайди, яъни бола ўрганиши керак бўлган нарсани ўргана олмайди. Қўрқиб ўтказилганда ҳам боланинг мийяси яхши фаолият олиб боролмайди, афсуски.

Демак, бизнинг мактабларда болалар қандай психологик қобилиятларга эга бўлиши керак? Диққатини жамлаб ўтира олиш, инструкциялар ва буйруқларга қулоқ солиш, топширилган вазифаларни мустақил бажариши лозим. Агарда болада мана шу қобилиятлар ривожланмаган бўлса, афсуски, бола мактабда яхши ўқиёлмай қолади. Одатда 6 ёш болаларнинг фақатгина 10 фоизида юқорида санаб ўтилган қобилиятлар бўлади. 7 ёшларнинг эса аксарида мавжуд. Психологик ёки неврологик муаммолари бўлмаган болалар шу қоидаларга амал қилган ҳолда ўзларини бемалол тута олишади”, – дейди Габдулҳакова.

“Эрта чиққан болада стрессга тушиш эҳтимоли бор”

Шунингдек, психолог 7 ёшдан кичик болаларнинг мактабга боришини ўзига хос салбий томонлари борлигини ҳам эслатди. Унга кўра, бунда ўқувчига кўпроқ стресс юкланади.

“Масалан, болаларда диққат яхши етишмагани сабабли улар дарсга эътибор бериб ўтиролмайди. Ижтимоий ўзини тутишни билмагани учун ҳам мактабда ёмон ҳис қилиб, кўпроқ стрессга тушиш эҳтимоллари бор. Ва дарсда ўрганиш керак бўлган билимларни яхши ўзлаштира олмайди-да, яна камига ўзи ҳақидаги фикри пасайиб боради. Жудаям шўх 6 ёш бола, синфдошлари 7 ёш бўладиган бўлса, ўзини кичикроқ, уларга етиб ололмайдиган, улардан кўра қобилияти камроқ деб ҳис қилиб қолиши мумкин.

Энди бизнинг яна бир реалия, яъни ҳақиқатдан келиб чиқиб айтсак, бир ўқитувчининг маълум вақт давомида 30-40 нафар бола билан ишлашига тўғри келади. Бунда нафақат ўқитиш, синфда тинчлик сақланиши, болаларнинг ҳаммасида диққат ушлаб турилиши, барча топшириқларни бажаришни назорат қилиш керак бўлади. Бу эса осон иш эмас. Айниқса, ўзини психологик бошқарадиган даражада ривожланмаган бўлса, бундай синфда ўқитувчи фаолиятини олиб бориши жуда қийинлик қилади.

Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, 7 ёшга тўлмаган болалар айниқса психологик жиҳатдан мактабга чиқишга тайёр бўлмагани сабабли қийналишади, шунинг учун уларнинг мактабга нисбатан фикри салбий бўлиб қолади. Улар мактабни ёмон кўрадиган, мактабга боришни хоҳламайдиган, дарслар улар учун азоб-уқубат бўлиб қолади. 7 ёш бола эса дарсни ўрганишга қизиққани, педагогнинг айтганларини тушуниб, баҳоларга эришиш билан ўзига ишончи ортиб, ўқишлари осонроқ бўлади. Ўзлари севиб мактабга боришни бошлайди”, – дейди мутахассис.

Психологнинг қўшимча қилишича, болаларнинг сони кўп, уларнинг ривожланиши турлича бўлгани учун ўқитувчилар ўқувчиларни қўрқитиш эвазига тинчлантиришига тўғри келади. Бу эса 7 ёшдан кичик болаларга жуда ёмон таъсир қилиши айтилди.

Шунингдек, Габдулҳакова 7 ёшдан эртароқ ҳам болалар мактабга психологик жиҳатдан тайёр бўлиши мумкинлигини, буни эса мутахассис кўригидан ўтиб тасдиқлатиб олиш кераклигини қайд этди.

Қолаверса, психолог болани мактабга қандай тайёрлаш юзасидан ота-оналарга ўз тавсияларини ҳам бўлишди. Батафсил – юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Ўзбекистонда нега 7 ёш белгиланган?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси Инобат Аҳмедова Ўзбекистон қонунчилигида болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилиниши белгиланганига изоҳ берди.

“Биласизми, бобо-бувиси билан бирга яшайдиган аксарият болажонларни кузатсак, улар тенгдошларига нисбатан анча ақлли ва зийрак бўлади. Ҳатто айрим олти ёшдаги болаларнинг етти ёшли ўғил-қизларга нисбатан бирмунча уқувли эканига ҳам гувоҳ бўламиз. Шу боис кўпчилик ота-оналар етти ёшга тўлмаса ҳам, “фарзандим мактабга борсин” дейди. Ваҳоланки, олти ёшда бола ҳар қанча ақлли бўлмасин, уларда фикрлаш қобилияти тўлиқ шаклланиб улгурмайди. Чунки етти ёшгача унинг мияси ўсиш жараёнида бўлиб, айни шу ёшдан кейин такомиллашади. Яъни бу физиологик ҳолат ҳисобланади.

Қолаверса, бола ҳаётининг еттинчи йилида ундаги ҳаракатлар кўлами кенгайиб, аниқлашади ва ўзаро мослашув бошланади. Улар ўзини идора этиш, ҳаракатларини назорат қилиш қобилиятига эга бўлади. Етти ёшда диққатни жамлаш, вазиятни баҳолаш ва қийинчиликларга дуч келганда, тўғри қарор қабул қилишни ўрганади.

Шунингдек, бу ёшда бола ҳам жисмонан, ҳам руҳан чиниқади, қизиқувчанлиги ортади. Унинг идрок кучи ва тафаккури жадал ривожланади. Моддий борлиқни англашга интилади. Шунингдек, бу ёшда уларда гигиеник малакалар шаклланади”, – дейди ССВ бош мутахассиси.

Дилшода Шомирзева тайёрлади.

Мавзуга оид