Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги анъана – иттифоқчилик: Алиевнинг сафари нимаси билан муҳим?
Озарбойжон президенти 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Сафарнинг энг асосий воқеаси – икки президент иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги шартномани имзолагани бўлди. Мирзиёевга кўра, расмий Тошкент жуда қисқа муддатда Боку билан бундай келишувга эришган. Таҳлилчи Фарҳод Толипов иттифоқчилик алоқаларини ўрнатиш – Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги анъанага айланаётганини таъкидлади.
Сафарнинг асосий тадбирлари 23 август куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Одатга мувофиқ олий даражадаги меҳмонни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. Шундан кейин тор доирадаги музокаралар ҳамда давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевнинг бу галги сафари тарихий аҳамиятга эгалигини қайд этди. Бунинг асосий сабаби эса иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланишидир. Бу эса Озарбойжон билан алоқаларнинг энг юқори даражаси дегани.
Келаси йили икки давлат ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан келгуси йилни президентлар Ўзбекистон-Озарбойжон иқтисодий кооперацияси йили деб эълон қилишга келишиб олди. 20 та йўналишдан иборат комплекс дастур ҳам келгуси йилгача қабул қилинади. Икки давлат бундан бу ёғида авиақатновлар сонини оширмоқчи, ерусти ва ҳаво транспорти бўйича тартиб-таомилларни имкон қадар енгиллаштирмоқчи, рақамли ечимларни жорий этиш ниятида.
Хўш, Озарбойжон президентининг сафари қайси жиҳатлари билан муҳим ҳисобланади. Ўзбекистоннинг иттифоқчилик алоқаларига эга ҳамкорлари сони ортиб бориши нимадан далолат? Сиёсатшунос Фарҳод Толипов Озарбойжоннинг Ўзбекистон билан иттифоқчига айланиши – қувонарли ҳолат экани, Алиевнинг ташрифи турли мақсадларни ўз ичига олишини таъкидлайди.
Биринчидан, Боку ва Тошкент алоқаларнинг энг юқори босқичида.
Иккинчидан, Алиев Тошкентга Россия президенти Владимир Путиннинг Боку сафаридан саноқли кунлар ўтиб келди. Балки икки ташриф бир-бирига алоқадордир. Аммо олий даражадаги ташрифларни ташкил қилиш узоқ муддат олади, дейди Толипов.
Учинчидан, Марказий Осиё ва туркий дунё бир алянсга бирлашаётганини кўриш мумкин. Чунки Озарбойжон президенти ҳам ШҲТ, ҳам Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида қатнашганди.
Ташриф давомида икки президентлар икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашди. Кун эса икки давлат санъат усталарининг концерти билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти шу йилнинг 5-6 июл кунлари Шушада Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Озарбойжонда бўлганди. Ўтган йилнинг худди шу саналари, яъни 22-23 август кунлари Ўзбекистон президенти рафиқаси билан Озарбойжонга давлат ташрифини амалга оширганди.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:54 / 15.10.2024
Бокуда Қорабоғни қайта тиклашга қаратилган халқаро кўргазма очилди
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024