Спорт | 18:23 / 25.08.2024
36018
1 дақиқада ўқилади

Россиялик спортчи қайиғи тўнтарилган ҳолда финишни кесиб ўтди ва чемпион бўлди

Самарқандда ўтаётган жаҳон чемпионатида ғалати ҳодиса юз берди.

Фото: Видеодан кадр / Eurovision Sport

Россиялик спортчи Захар Петров Самарқандда ўтаётган жаҳон чемпионатида 500 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича чемпион бўлди.

Петров пойга давомида пешқадамлик қилди, бироқ маррага яқинлашганда каноэси ағдарилиб кетди ва спортчининг ўзи сувга қулади. Оқибатда у шундай ҳолатда финишни кесиб ўтди.

Ҳакамлар россиялик пойгани якунига етказа олмаганини таъкидлаб, олтин медални молдовалик Сергей Тарновскийга топширди.

Бироқ, Россия байдарка ва каноэда эшкак эшиш федерацияси ҳакамлар қарорига расман норозилик билдирди. Халқаро эшкак эшиш федерацияси шикоятни асосли деб топди ва олтин медални Петровга қайтаришга қарор қилди. У 1 дақиқа 47,293 сония натижа билан биринчи ўринни эгаллади.

Захар Петров 22 ёшда. Самарқанд шаҳрида эшкак эшиш бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида у 1 км масофага Иван Дмитриев билан жуфтликда ҳам олтин медални қўлга киритди. Россияликлар мусобақада бетараф мақомда иштирок этмоқда.

Мавзуга оид