Ўзбекистон | 13:44 / 26.08.2024
28853
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган ҳарбий авиатехникалар бўйича келишувга эришилди — АҚШ элчиси

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеникнинг Kun.uz’га маълум қилишича, «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда афғонистонлик ҳарбийлар томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади. Икки мамлакат расмийлари бу борада келишувга эришган.

Embraer EMB 314 Super Tucano / Фото: Wikipedia

2021 йилда «Толибон» Кобулни эгаллаганда Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига бир қанча ҳарбий самолёт ва вертолётлари учиб ўтган эди. АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари ушбу авиатехникаларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник Kun.uz'га маълум қилди.

«Ҳарбий техникалар Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, бу аллақачон расмий», — деди элчи авиатехника жиҳозлари Ўзбекистонда қоладими, деган саволга жавоб берар экан. Дипломатнинг сўзларига кўра, томонлар аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлаган.

«Ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, лекин биз ҳамиша хўжайин бўлганмиз», — деди Ҳеник.

Афғонистон матбуотига кўра, «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар 164 та жанговар самолёт бўлган, ҳозирда уларнинг сони 81 та. Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

Хусусан, 2021 йилда, «Толибон» Кобулни эгаллаган кунларда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 va Mi-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган. 

«Толибон» ушбу ҳаво кемалари Афғонистон мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган. Ўз навбатида Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки эканини ва уларни қайтариб бўлмаслигини билдириб келаётганди. 

Пентагон расмий вакили Жон Кирби ҳам Ўзбекистон авиатехникаларни Афғонистонга қайтармаслигини айтганди. 

Мавзуга оид