Айрим дори воситалари озиқ-овқат қўшимчалари сифатида рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Айрим тадбиркорлар дори таркибли маҳсулотларини биологик фаол қўшимча сифатида рўйхатдан ўтказган. Рақобат қўмитаси уларни ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
Дори воситасини рўйхатдан ўтказиш талаблари қийинлашгани сабаб айрим тадбиркорлар дори таркибли маҳсулотларини БФҚ ва озиқ-овқат қўшимчалари сифатида рўйхатга ўтказгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Ўрганишларга кўра, “Jo‘rabek laboratories” МЧЖ ҚК ишлаб чиқарган “ОРСА” дори воситасини бошқа тадбиркорлар БФҚ сифатида рўйхатдан ўтказгани аниқланган. Шунингдек, маҳсулотга расмий БФҚ рухсатномаси берилган бўлган.
Ҳолатни Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ўрганган. Унга кўра, “ KIFTI-OB DORI DARMON ” МЧЖ ишлаб чиқарган “KIFTI ” ORSA номли БФҚ маҳсулоти дори воситаси таркибига мос келиши аниқланган.
Бундан ташқари, қуйидаги БФҚ йўриқномаларида дори воситасига хос бўлган хусусиятлар, яъни турли касалликларни даволаш ва олдини олиш учун қўлланиши ёзилган:
– “MALIKA LABORATORIES” МЧЖ ишлаб чиқарган “ORS”;
– “HVARA” МЧЖ ишлаб чиқарган “ORSI MAX”,
– “VITALLY” ХК ишлаб чиқарган “ORSASOL” ;
– “MADINA FARM MED” МЧЖ ишлаб чиқарган “FITA ORSA”
Қўмитанинг маълум қилишича, юқорида номлари саналган тадбиркорларга вақтинча маҳсулотини ишлаб чиқаришни тўхтатиш, БФҚ маҳсулотини барча савдо тармоқларидан қайтариб олиш ва бу ҳақда ваколатли органга ахборот бериш юклатилган. Корхоналарга берилган рухсатномаларни Санэпидқўмитага қайтариш чоралари кўрилган.
Шунингдек, қўмита ишлаб чиқарувчиларга жавобгарлик масаласини кўриш ва бундай муаммоларни бартараф этиш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилган.
Мавзуга оид
16:06 / 08.11.2024
“Биологик фаол қўшимчалар рекламаларида 328 та қонунга зид ҳолат аниқланди” – Рақобатқўм
14:25 / 29.10.2024
Давр банк жаримага тортилди – Рақобат қўмитаси
14:06 / 26.10.2024
Таом етказиб бериш хизматлари бозори монополлашди
12:48 / 21.10.2024