Жаҳон | 11:49 / 27.08.2024
4657
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг қатор минтақаларида мактаб ўқувчилари 10-синфга қабул қилинмаяпти

Россия Федерациясининг бир қатор субъектларида ота-оналар ўз фарзандларини ўнинчи синфга киритишда муаммоларга дуч келди. Муаммолар Россияда янги таълим стандартининг жорий этилиши билан боғлиқ, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: DW/Y. Wyschnewezkaya

Россиянинг бир қатор минтақаларида ота-оналар ўз фарзандларини 10-синфга кирита олмаслик муаммосига дуч келмоқда, деб ёзади «Коммерсант» газетаси 26 август, душанба куни. Унинг маълумотларига кўра, бу Россияда мактабларга ўнинчи синфга ўз мезонлари бўйича болаларни танлаш имконини берадиган янги давлат таълим стандарти жорий этилгани билан боғлиқ. Натижада ўқувчиларнинг бир қисми ихтисослаштирилган синфларга, жумладан, ўзлари ўқиган мактабларга ҳам ўқишга кира олмади, умумтаълим синфларида эса ўрин қолмади.

«Москва ота-оналари» жамоат ҳаракати раиси Илона Менкованинг айтишича, биргина уларга 50 га яқин одам ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг айтишича, мактаб мутасаддилари танловдан ўтмаган фарзандларини коллежга юборишни қатъий тавсия қилган. Менкова баъзи ота-оналар 10-синф учун курашмаганини ва уларнинг фарзандлари коллежга кирганини тахмин қилди.

«Коммерсант» нашрининг ёзишича, Челябинск ва Иркутск вилоятлари ҳамда Краснодар ўлкасидаги ота-оналар ҳам фарзандини 10-синфга киритишнинг имкони йўқлигига дуч келган. Бир қатор ҳолларда рўйхатга олиш прокуратурага мурожаат қилгандан кейингина амалга оширилган.

Ёрдам учун прокурорга мурожаат 

Шу тариқа, Россия Федерацияси Бош прокуратураси Краснодар ўлкасидан ота-оналар мурожаатини кўриб чиқиб, Россия Конституциявий судининг 2020 йилги қарорини эслатиб ўтди, унда ихтисослаштирилган синфларга индивидуал танлаш тартиби тўғрисидаги қоида болаларни чиқариб юбориш учун асос бўла олмаслиги белгиланган.

Натижада «ўқувчиларнинг ҳуқуқлари тикланди», болаларни қабул қилишдан бош тортган мактаб директори эса «таълим фаолиятини олиб бориш ва ўқув жараёнини ташкил этиш талабларини бузиш» моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Бош прокуратура Россия Федерацияси таълим вазири Сергей Кравцовни мавжуд вазият ҳақида хабардор қилди. Таълим вазирлиги «Коммерсант» сўровига жавоб бермади.

Россиядаги мактабларда мигрантлар фарзандлари сонини чеклаш таклиф этилди

Аввалроқ депутатларнинг парламентдаги «Справедливая Россия» фракцияси мигрантлар болалари учун мактабларга квота бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаётгани маълум қилинганди. Бу ҳақда РИА «Новости» Давлат думаси назорат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Дмитрий Гусевга таяниб ёзди.

«Муҳим ташаббус - бу мактабларда болалар учун квоталар белгилаш, бу ҳақда асосан Москвадагилар гапирмоқда, чунки бу Москвадаги муҳим воқеа. Таклиф эса тўғри, бир синфда уч нафардан ортиқ мигрант бола бўлмаслиги керак. Бу Москва ҳукумати учун жуда жиддий вазифа. Кузги сессия бошланади, биз бу ташаббусни тайёрлаб, илгари сурамиз», деди Гусев.

Унинг таъкидлашича, анклавларга йўл ва мигрантларнинг «кластерлашуви» хорижликлар интеграциясига ёрдам бермайди.

Мавзуга оид