Ўзбекистон | 14:27 / 27.08.2024
10201
2 дақиқада ўқилади

Хориждаги қорақалпоқ диаспоралари вакиллари Нукусда йиғилди - фото

Бугун қорақалпоқлар нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Россия, Туркманистон ва қисман Афғонистон ҳудудларида ҳам яшайди. Бундан бир неча ўн йиллар аввал қорақалпоқлар яшаш, ўқиш мақсадида бу мамлакатларга кўчиб кетишган. 

Фото: Kun.uz

Худди шундай инсонларнинг бир гуруҳи орадан йиллар ўтиб Нукусда тўпланишди ва ўз тарихий Ватани билан қайта танишишди. 

Меҳмонлар орасида бугун Қозоғистон, Россияда яшовчи қорақалпоқлар анчагина. Уларнинг аксарияти ўз давлатида қорақалпоқ миллий-маданий марказларини очган. Анча йиллар илгари Қорақалпоғистонни тарк этганмиз, лекин Ватан унутилмайди, меҳримиз ва ҳурматимиз борича сақланган, дейди улар. 

Елена Дўспанова бундан қарийб 20 йил аввал Москва шаҳрига кўчиб кетган. У таржимон ва шу билан бирга Москвадаги қорақалпоқ маданий маркази раҳбари. 

“Йиллар ўтиб, Нукусни кўрарканман, ўзгаришлар катталигига гувоҳ бўлдим. Мен кетганда 2-3 марказий кўчалар замонавий эди холос. Ҳозир баланд-баланд бинолар қурилибди, аҳолига қулай тизим яратилибди. Қорақалпоқ халқи ҳаётидан рози, бахтли бўлишини хоҳлайман. Ватанимдан узоқда яшасамда, унга меҳрим ўзгармади. Имкониятим бўлса, қайтишга ҳам рози эдим”, - дейди Дўспанова. 

Меҳмонлар Қорақалпоғистоннинг турли тарихий-маданий объектларида бўлишмоқда. Масалан, Нукус шаҳридан қарийб 150 км узоқликда жойлашган қадимий Тупроққалъа ёдгорлиги, Беруний туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Қора Терен кўли, Нукус шаҳридаги IT парк, жаҳоннинг Гиннес рекордлар китобига кирган қорақалпоқ халқининг миллий қора уйи - ўтов ҳам шулар жумласидан.

Шохрух Мажидзода тайёрлади
Расмлар муаллифи Асрор Алмуродов

Мавзуга оид