Жаҳон | 22:19 / 28.08.2024
2151
2 дақиқада ўқилади

Berkshire Hathaway капиталлашуви биринчи марта 1 триллион доллардан ошди

Америка инвестиция гиганти шундай маррага етган саккизта компаниянинг бири бўлди.

Фото: Reuters

28 август куни биржа савдолари очилганидан кейин Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway инвестиция фонди акциялари 1,2 фоизга қимматлашди. Шундай қилиб, компаниянинг капиталлашуви ўз тарихида биринчи марта 1 триллион доллардан ошди.

Berkshire Hathaway қиймати ушбу кўрсаткичдан ошган еттинчи АҚШ компанияси ва технология секторидан ташқарида биринчи бўлди.

Капиталлашуви 1 триллиондан ошган АҚШ компаниялари орасида Apple, Nvidia, Microsoft, Alphabet, Amazon ва Meta ҳам бор. Дунёда ушбу «клуб» таркибига кирувчи яна битта компания Саудия Арабистонига тегишли – Saudi Aramco нефт ва газ компанияси.

Berkshire Hathaway акциялари қиймати йил бошидан буён 28 фоизга ошди. Компания Apple корпорациясига киритган инвестициялари билан танилган бўлса-да, унинг портфелида кўпроқ технологик бўлмаган акциялар (Coca-Cola, American Express, Wells Fargo ва бошқа кўплаб кичик компаниялар) кўпроқ. Сўнгги пайтларда инвестиция фонди ўзининг Apple акцияларини сотиш ва АҚШ қисқа муддатли давлат облигацияларини сотиб олишда анча фаол бўлди.

Мавзуга оид