Жаҳон | 10:00 / 29.08.2024
4078
3 дақиқада ўқилади

Россияда ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотлари ҳажми тўлиқ махфийлаштирилди

Росстат Россияда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тўғрисидаги маълумотларни нашр этишни бутунлай тўхтатди. Бундай қарор Россия ҳукумати томонидан қабул қилинган ва «ахборот хавфсизлиги» билан изоҳланган.

Фото: Евгений Биятов / РИА Новости

Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) Россия Федерациясида нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича маълумотларни нашр этишни бутунлай тўхтатди. Бу ҳақда идоранинг мамлакатда саноат ишлаб чиқариши динамикаси бўйича эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди, деб ёзади «Интерфакс».

Жумладан, дизел ёнилғиси, мазут, суюлтирилган пропан ва бутан, кўмирдан кокс ва яримкокснинг ойлик ишлаб чиқариш ҳажми тўғрисидаги маълумотлар энди эълон қилинмайди. Шунингдек, ҳисоботда барқарор газ конденсатини ишлаб чиқариш бўйича маълумотлар мавжуд эмас.

Шу билан бирга, Росстат кокс ва нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ойлик динамикасини нашр этишда давом этмоқда. Идора маълумотларига кўра, июл ойида бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш июн ойига нисбатан 7,2 фоизга ошган, бироқ 2023 йил июлига нисбатан 2,7 фоизга камайган. 2024 йилнинг етти ойи давомида Россия Федерациясида кокс ва нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўтган йил шу даврига нисбатан 3,2 фоизга камайди, дейилади ҳужжатда. 

Маълумотларнинг яширилиши «ахборот хавфсизлиги» билан изоҳланган 

Росстат «нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш тўғрисидаги маълумотлар Россия ҳукумати қарори асосида чоп этилмаганини» тушунтирди. 

2023 йил апрел ойида Россия нефт ва газ қазиб олиш бўйича статистик маълумотларни нашр этишни тўхтатди ва буни «нефт маҳсулотлари бозорининг ахборот хавфсизлиги» билан асослади. Кейин Россия Федерациясида углеводород қазиб олиш бўйича статистик маълумотларни эълон қилишни тақиқлаш 2025 йил 1 апрелгача узайтирилди. 

Ниҳоят, май ойида бензин ишлаб чиқариш бўйича маълумотларни нашр этмасликка қарор қилинди. Ўшанда ҳукумат «ҳозирги геосиёсий воқеалар фонида» бундай маълумотларнинг ошкор этилиши «виждонсиз иштирокчилар томонидан бозорни манипуляция қилиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигидан» хавотирда эканлигини билдирди. 

Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлардан кейин нефт экспортини оширди

Украина дронларининг ҳужумлари туфайли нефтни қайта ишлаш заводларини юклаш билан боғлиқ муаммолар фонида Россия нефт компаниялари март ойида денгиз экспортини сезиларли даражада оширди, деб ёзади «Коммерсант». Нашр келтирган Kpler таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, март ойида нефт экспорти 2023 йил май ойидан буён энг юқори кўрсаткичга етган ва кунига 3,8 миллион баррелни ташкил этган.

Январ ва феврал ойларида Россия танкерлар орқали мос равишда суткасига 3,5 миллион баррел ва 3,3 миллион баррел экспорт қилди. «Россия Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумидан кейин нефтни қайта ишлаш заводларида содир бўлган авариялар туфайли ўз қувватлари бир қисми тугаши фонида нефт экспортини сезиларли даражада оширишга мажбур», деб ёзади «Коммерсант». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид