Жаҳон | 21:26 / 29.08.2024
3462
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг йирик давлат банки рублда операциялар ўтказишни тўхтатди

Ziraat банки ҳеч қандай тушунтиришсиз рублда ҳисобрақам очишни тўхтатган ва мавжуд ҳисоблари бўлган мижозларга рус валютасини турк лирасига конвертация қилиш таклифини билдирган.

Фото: РБК

Туркияда давлатга тегишли бўлган ва активлари бўйича мамлакатда биринчи ўриндаги Ziraat банки Россия рублидаги операцияларини тўхтатмоқда.

«РИА Новости»нинг банк вакилига таяниб ёзишича, Ziraat ҳеч қандай тушунтиришсиз рублда ҳисобрақам очишни тўхтатган ва мавжуд ҳисоблари бўлган мижозларга рус валютасини турк лирасига конвертация қилиш таклифини билдирган.

Бунга қадар банкда рубл орқали операцияларни Туркияда яшаш гувоҳномасига эга ёки мамлакатда ўқийдиган ва ишлайдиган мижозлар амалга ошира олар эди. Аммо энди Туркияда ўз бизнесини юритаётган руслар Россия валютасида ҳисобрақам очишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Туркиянинг бошқа давлат банклари ҳам Ziraat каби сиёсат юритмоқда, айрим хусусий кредит ташкилотларигина рублда ҳисобрақам очишни давом эттиряпти.

Deutsche Welle манбасининг таъкидлашича, Туркия банклари жорий йил бошида Россия билан лирада операцияларни амалга оширишни бошлаган. Бу АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар кучайтирилгач рўй берди.

Натижада турк банклари Россиядан юбориладиган тўловларни оммавий блоклашни, Россия—Туркия савдоси эса қулашни бошлади: биринчи чорак якуни бўйича Туркиянинг Россияга экспорти 33,7 фоизга тушиб кетди ва деярли урушдан олдинги даражага қайтди — ойига 500-600 миллион доллар. Манбаларнинг қайд этишича, ўтган йили россиялик импортчилар Туркия товарларига тўловларни амалга оширишда лирадан фойдаланган, аммо кўп ўтмай ушбу амалиёт ҳам тўхтатилган, чунки турк банклари иккиламчи чоралар — санкция режимини бузганлик учун тақиққа тушишдан хавотирда.

«Вазият жуда жиддийлигича қолмоқда. Ҳатто айтиш мумкинки, кескин», — деган эди Россиянинг Анқарадаги элчиси Алексей Ерхов апрел ойида.

Мавзуга оид