Ўзбекистон | 00:59 / 29.08.2024
24792
5 дақиқада ўқилади

Вазир ўқитувчилар ойлиги қачон минг долларга етиши ҳақидаги саволга жавоб берди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўқитувчиларнинг ойлиги қачон минг долларга етиши ҳақидаги саволга жавоб берди. У ҳозирда 6 мингдан ортиқ педагог устамалар билан қўшган ҳолда шунча маош олаётганини айтди. Вазир ўринбосари Темур Комилов устозларнинг ҳаммасига минг доллардан маош тўланишини “утопия” деб атади.

28 август куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 298-мактабда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда нима сабаб педагогларнинг аксарияти ҳанузгача ваъда қилинган минг долларлик маошни ололмаётгани, бу нималар билан боғлиқлиги борасида савол берилди. Вазир бунга жавобан 6 мингдан ортиқ ўқитувчи шунча суммани олаётгани, бу рақам йилдан йилга ошиб бораётганини айтди.

6 минг нафар ўқувчи – тизимдаги жами ўқитувчиларнинг 1,1 фоизини ташкил этади.

“Умуман ўқитувчиларнинг ойлиги ошиши биз учун ҳам жуда муҳим. Ва бу бўйича ҳозирда Молия вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Бир нарсага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиманки, яқинда тоифа синовлари бўлиб ўтди. Хабарларинг бор, тоифадан ўтган устозларимиз, умуман тоифадаги фарқлар орасидаги қўшимча маблағлар, яъни ойлик маош кўтарилиши тўғрисида ҳам президентимизнинг топшириқлари бўлди, алоҳида иш олиб бориляпти. Лекин бир нарсани айтишим керак, минг доллардан ортиқ ойлик олаётган устозларимиз ҳам бор.

Ҳар бир йўналиш бўйича талаблар деймизми, ҳар бир соҳанинг KPI'лари бор, яъни бизда ҳам мактабгача ва мактаб таълими тизимида устозларимизга бир қанча йўналишлар қўйилган. Мисол учун, агар тоифаси юқори бўлса, ойлигига қўшимча маблағ қўшилади. Шу билан бирга, узоқ ҳудудларга борса, 100 фоиз устама. Олимпиадага ўқувчиларни чиқарган бўлса, унга ҳам қўшимча устама. Мана ҳозир устозлар сертификациясига ҳам маблағлар ажратилган, йилдан йилга халқаро сертификатларга эга устозларимиз сафи кўпаймоқда.

Бир нарсани айтишимиз керак, вазир жамғармаси олдинлари бўлмаган, ҳозирда шу тизим ҳам йўлга қўйилди. Бу тизимдан, имтиҳонлардан шаффоф ўтган устозларимизга ҳар ойлигига 5 млн сўм қўшимча маблағ қўшилади. Бу ҳам, албатта, рағбат. Бунда ҳеч қанақа чегара қўйилмаган, минг нафар ёки 2 минг нафар деб”, – дейди Умарова.

Анжуманда иштирок этган вазирнинг молия масалалари бўйича ўринбосари Темур Комилов нима сабаб ойликлар камлигига изоҳ берди.

“Мактаб ва мактабгача бўлган педагогларнинг ойлигини тўлаш учун бир ойда 3,5 трлн сўм биринчи харажатлар сифатида амалга оширилади. Ҳозир айтиб ўтилганидек, 6 мингга яқин [педагог] 10 млн сўмдан кўпроқ маош олади. Бундан ташқари, ҳозир 3 млндан 6 млн сўмгача олаётганлар 250 минг нафарга яқинлашиб қолди. Ҳозир 3,4 млн сўм чиқиши ҳам, бошқаси ҳам – нима сабаб деганда, бир нарсани инобатга олайлик, аччиқ бўлса ҳам [айтаман], кўпчиликка ёқмаса ҳам, 434 минг педагогик ставкага 537 минг нафар педагог ишлаб келади. Буниси ҳам бор, булар орасида ўрта махсуслар ҳам, нафақадагилар ҳам ишлаб келади. Яъни сонидан келиб чиққан ҳолда 3,4 млн сўм чиқиши ёки кимнингдир ойлиги кам чиқиши [мумкин], шуни ҳам инобатга олиш керак.

Лекин ҳамма бирдек минг доллар ойлик олади деган нарса – утопия. Бир нафар ўқитувчининг ойлигини 1 млн сўмга оширадиган бўлсак, бир йилга 7 трлн сўмдан зиёд маблағ кетади”, – деди у.

Маълумот учун, 2023/24 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим бераётган ўқитувчилар сони 547,7 минг нафарни ташкил этган.

2024 йилнинг биринчи ярмига кўра таълим соҳасида ишловчи ходимларнинг ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3,5 млн сўмни кўрсатмоқда.

19 июн куни президент ҳузуридаги йиғилишда олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини кўтариш таклиф этилган эди.

12 августдаги президент фармонига асосан, 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга, 1 октябрдан эътиборан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг маоши 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маоши 15 фоизга оширилади.

Мавзуга оид