Японияга «Шаншан» тўфони ёпирилди
Расмийлар мамлакат бўйлаб 5 миллиондан ортиқ одамни эвакуация қилишни буюрди.
«Шаншан» тўфони Япониянинг жануби-ғарбий қисмига ёпирилиб, электр тармоқларини ишдан чиқарди, ҳаво қатновига тўсқинлик қилди ва йирик заводлар ишини тўхтатиб қўйди, деб хабар берди Reuters.
Япония расмийларининг таъкидлашича, бўрон оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди. Бу минтақада қайд этилган энг кучли бўронлардан бири бўлиши мумкин.
Toyota автомобил ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий заводларини ёпди, Nissan, Honda, чип ишлаб чиқарувчи Renesas ва Tokyo Electron эса баъзи заводларда ишни тўхтатди.
Миллий метеорология агентлиги маълумотларига кўра, табиий офат ҳудудида шамол тезлиги 180 км/соатга етган. Япониянинг етти префектурасида 230 мингга яқин хонадон электр энергиясиз қолди.
Синоптиклар «Шаншан» ҳафта охиригача Кюсю ороли узра фаол бўлишини, дам олиш кунлари эса пойтахт Токиога яқинлашишини кутмоқда.
Расмийлар мамлакат бўйлаб 5,2 миллиондан ортиқ одамни эвакуация қилишни буюрди.
Япония авиакомпаниялари, жумладан ANA Holdings ва Japan Airlines аллақачон 800 га яқин рейсни бекор қилган. Кюсю оролининг кўплаб ҳудудларида поездлар қатнови, шунингдек, автобус ва паром қатнови тўхтатилди.
«Шаншан» шу ойда Японияга ёпирилган иккинчи тўфондир. Август ойи бошида «Ампил» тўфони ҳам бир қатор префектураларни электр энергиясидан маҳрум қилган, ўн минглаб одамлар эвакуациясига сабаб бўлган эди.
Мавзуга оид
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
20:03 / 08.11.2024