Bloomberg: Зеленский Ҳиндистонда тинчлик саммитини ўтказиш ниятида
Украина президенти ушбу таклифини Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашувда илгари сурган. Манбаларга кўра, Моди ҳозирча бу турдаги саммитни ўтказишга розилик бермаган.
Украина президенти Володимир Зеленский Ҳиндистонда тинчлик саммитини ўтказиш таклифини билдирди. Давлат раҳбари ушбу таклифини Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашувда илгари сурган, деб хабар беради Bloomberg.
Зеленский ноябр ойида АҚШда ўтказиладиган президентлик сайловларидан олдин иккинчи учрашувни ўтказишни режалаштирмоқда. Манбаларнинг қайд этишича, Моди ҳозирча бу турдаги саммитни ўтказишга розилик бермаган. Зеленский матбуот котиби Сергей Никифоровнинг маълум қилишича, кейинги саммитни жанубий давлатлардан бирида, хусусан, Ҳиндистонда ўтказиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Ўз навбатида Моди тинчлик жараёнида «конструктив рол» ўйнашга тайёрлигини билдирган, бироқ Ҳиндистон ТИВ вакили Рандҳир Жайсвалнинг сўзларига кўра, «бу босқичда аниқ механизмлар ва йўллар ҳақида гапиришда жуда эрта».
Моди 23 август куни Киевга ташриф буюриб, Украина суверенитетини қўллаб-қувватлашини билдирган эди.
Июл бошларида РФ Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Михаил Галузин Россия Украина бўйича иккинчи тинчлик саммитида иштирок этмоқчи эмаслигини маълум қилганди. 15-16 июн кунлари Швейцарияда ўтказилган биринчи тинчлик саммитига Россия делегацияси таклиф қилинмаган эди. Конференцияда Украина президентининг тинчлик формуласи бўйича айрим бандлари муҳокама қилинган. Саммит якунида 80 га яқин давлат томонидан коммюнике имзоланган.
Тадбир аввалида Россия президенти Владимир Путин жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва музокараларни бошлаш шартини эълон қилганди. У Киевдан Россия армияси томонидан эгалланган Херсон, Запороже, Донецк ва Луганск вилоятларидан украин қўшинларини олиб чиқиб кетиш, шунингдек, НАТОга қўшилишдан воз кечишни талаб қилди. Зеленский Россия президентининг талабини ултиматум деб атади.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024