Мўғулистон Путинни ҳибсга олмайди — Кремл
Мўғулистон Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордери бўйича Владимир Путинни ҳибсга олмайди, дея маълум қилди Россия президентининг матбуот котиби. РФ раҳбари 3 сентябр куни Улан Баторга боради. Бу унинг Халқаро жиноий суд ордеридан кейин, Рим статутини ратификация қилган давлатга илк ташрифи бўлади.
Кремлда Владимир Путиннинг Мўғулистонга ташрифидан «хавотир» йўқ, у Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордери бўйича ҳибсга олинмайди. «Мўғулистонлик дўстларимиз билан муносабатларимиз яхши», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Унинг аниқлик киритишича, Путиннинг 3 сентябр куни Мўғулистонга ташрифи масаласи «алоҳида ишлаб чиқилган».
Путин ўзини ҳибсга олишга ордер берган ХЖС ваколатини тан олган давлатга биринчи марта ташриф буюради. Мўғулистон 2000 йилда Рим статутини имзолаган ва 2002 йилда уни ратификация қилган. Халқаро жиноий суд 2023 йил март ойида Россия президентини ҳибсга олишга ордер берган.
Bloomberg агентлиги Кремлдаги вазият билан таниш бўлган икки манбага таяниб, Путин Мўғулистонга ташрифи олдидан ХЖС ордери асосида ҳибсга олинмаслиги ҳақида кафолат олганини ёзди.
2023 йил декабр ойида мўғулистонлик судя биринчи марта ХЖС судяси бўлди. Мўғулистон президентининг таъкидлашича, биринчи мўғул судясининг ХЖС вакили бўлгани «мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва халқаро ташкилотларнинг Мўғулистонга ишончи ошгани ва мустаҳкамланганидан далолатдир».
Ҳибсга олиш учун ордер чиқарилгандан бери Путин ХЖС ваколатини тан оладиган мамлакатларга бормади. 2023 йил июл ойида Россия президенти BRICS саммитида иштирок этмади ва Жанубий Африкага ташрифини бекор қилди. Жанубий Африка Рим статутини ратификация қилган ва шунинг учун Путинни ҳибсга олиш ва уни Ҳаагага экстрадиция қилиш мажбурияти бор эди. Шу билан бирга, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса мухолифатнинг ХЖС олдидаги мажбуриятларини бажариш талабига жавоб берар экан, Путиннинг ҳибсга олиниши Россияга қарши уруш эълон қилиш сифатида баҳоланишидан огоҳлантирганини айтди.
2023 йил март ойида ХЖС Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Худди шундай ордер президент ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.
Мавзуга оид
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
17:37 / 21.11.2024
Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди
11:15 / 21.11.2024