Жаҳон | 23:18 / 31.08.2024
5315
2 дақиқада ўқилади

Арманистон КХШТдаги иштирокини бутунлай музлатиб қўйди

Мамлакат бош вазири Никол Пашинян июл ойида Арманистон КХШТдан чиқиш ниятида эканини айтган эди. Майда эса Арманистон ҳукумати ташкилотни молиялаштиришдаги иштирокини тўхтатди.

Фото: primeminister.am

Арманистон ҳукумати Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) барча органларидаги иштирокини бутунлай музлатиб қўйди, деб хабар беради республика бош вазири Никол Пашинян.

«Арманистон КХШТдаги барча иштирокини музлатиб қўйганини биласиз ва айни босқичда ушбу қарорни тўғри деб ҳисоблаймиз. Ҳозирда биз бошқа қарор қабул қилиш заруриятини кўрмаяпмиз, аммо бу кейинги сафар бошқа бир қарор қабул қилмаслигимизни билдирмайди», — дейди Пашинян.

Бош вазир Арманистон КХШТдан чиқиш санасини айта олмаслигини қўшимча қилди.

12 июл куни Никол Пашинян Арманистон КХШТдан чиқиш ниятида эканини айтганди. Парламентдаги чиқиши давомида у Ереван қачон тўғри деб билса, бу ишни амалга оширишини таъкидлаган. Февралда бош вазир мамлакатнинг ташкилотдаги аъзолигини музлатиш ҳақида гапирган, май бошида эса Арманистон ҳукумати КХШТни молиялаштиришдаги иштирокини тўхтатган эди.

Июн ойида АҚШ ва Арманистон стратегик шерикликни эълон қилди, шундан кейин Вашингтон Ереванга ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш таклифини берди. АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё ишлари бўйича ўринбосари Жеймс О’Брайен ҳамкорликдаги биринчи ҳарбий ўқувлар 2023 йилда бўлиб ўтганини эслатиб, бу йўналишдаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга умид билдирган.

Арманистон Озарбойжон билан юз берган ҳарбий можародан кейин ўз позициясини қайта кўриб чиқди — Ғарб билан муносабатларини фаоллаштирди. Ўшанда Ереван КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди, аммо асосий рол Россияга тегишли бўлган ташкилот «хавотир» ва «ҳамдардлик» билдириш билан чекланди холос.

Мавзуга оид